Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома БМТ Котибиятига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилди
NEW YORK. Кazinform — БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясининг юқори даражадаги ҳафталиги арафасида Ташкилот Низомининг 102-моддасига мувофиқ Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома БМТ Котибиятида рўйхатдан ўтказиш ва эълон қилиш учун тақдим этилди. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Шартнома Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 22 декабрь куни Қозоғистон раҳбарининг Тошкентга давлат ташрифи чоғида имзоланган ва у 2023 йил 4 июлдан бошлаб кучга кирди”, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳужжат Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасини халқаро ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликдаги ишларнинг натижаси бўлди.
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган учрашувда Қозоғистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани БМТ Котибиятида рўйхатдан ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Бундай ҳужжатлар Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун мислсиз тажриба эканлиги маълум қилинди.
Ҳужжатнинг тарихий аҳамиятига эътибор қаратилиб, мазкур қадам икки давлатнинг яхши қўшничилик ва абадий дўстлик тамойилларига, иттифоқчилик муносабатлари руҳига, фаровонлик йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликка содиқлигининг яна бир тасдиғи экани, шунингдек, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.