Қозоғистон - Ўзбекистон чегарасида «Жибек жоли» ва «Ғишткўприк» ўтказиш пунктлари очилди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат чегарасида модернизациядан ўтказилган «Жибек жоли» (Туркистон вилояти) ва «Ғишткўприк» (Тошкент вилояти) ўтказиш пунктлари расман ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Янгиланган объектларнинг очилиш маросимида Қозоғистон Молия вазири Мади Такиев ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этди.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Молия вазирлиги чегара ҳудудларидаги инфратузилмани тизимли равишда модернизация қилиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон, Хитой ва Туркманистон билан чегарадош ҳудудлардаги 9 та автомобиль ўтказиш пункти таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида чегарадан ўтган автомобиллар сони 25 фоизга ошиб, 2 миллионга етди. Шунингдек, мамлакат бўйича божхона тўловлари ва солиқ тушумлари 4,3 триллион тенгега (тахминан 10 миллиард доллар) етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиз кўпдир.
“Ушбу лойиҳанинг асосий афзаллиги йўловчилар оқими билан боғлиқ. Масалан, 2024 йилда «Жибек жоли» орқали 11 миллиондан ортиқ киши ўтган. Ўтказиш пункти таъмирлаш учун ёпилган даврда фуқаролар бошқа йўналишлар орқали ҳаракатланишга мажбур бўлди. Бу эса қўшни ўтказиш пунктларига тушадиган юкламани оширди. Муҳим объект фаолиятининг қайта тикланиши икки мамлакат ўртасидаги транспорт қатновини аввалги ҳолатига қайтариш имконини беради”, — дейилади хабарда.
Шу ўринда кенг кўламли таъмирлаш ишлари доирасида эскирган инфратузилма ўрнига умумий майдони қарийб 10 минг квадрат метрни ташкил этувчи иккита йўловчи терминали қурилганини таъкидлаш лозим. Уларнинг бири мамлакатга кириб келаётган фуқароларни қабул қилишга, иккинчиси эса чегарадан ўтувчи йўловчиларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Автомобилларни текшириш учун 6 минг квадрат метр майдонга эга умумий ёпиқ иншоот барпо этилган. Кириш қисмидаги ҳаракат йўлаклари сони 2 тадан 6 тагача кўпайтирилди. Йўловчилар ва транспорт оқимлари бир-биридан ажратилди. Бу эса мазкур ҳудудда ҳаракатни самарали ташкил этиш имконини беради.
Энг гавжум вақтларда янгиланган инфратузилма бир суткада 100 минг нафаргача йўловчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу кўрсаткич объектнинг имкониятлари қанчалик кенг эканини яққол намоён этади.
Терминаллар паспорт назорати учун мўлжалланган 82 та кабина ва 20 та автоматлаштирилган Q-gate паспорт назорати тизими билан жиҳозланган. Замонавий тизимлар айрим назорат жараёнларини электрон шаклда амалга ошириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Божхона назорати йўналишида рентген аппаратлари, йўловчиларни текшириш сканерлари, радиацияни аниқлаш ускуналари, шунингдек, автобуслар ва енгил автомобилларни текширишга мўлжалланган инспекцион-текширув комплекслари ўрнатилди. Техник жиҳозланиш хавфсизлик талабларига риоя қилиш ва назорат жараёнлари самарадорлигини оширишга қаратилган.
Умуман олганда, «Жибек жоли» ўтказиш пункти туризм салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва йўловчи автобусларига хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилган.
Бу орқали туристик йўналишларни кенгайтириш, автобус турларини йўлга қўйиш, халқаро йўловчи ташиш ҳажмини ошириш, жумладан, Қозоғистон орқали ўтувчи транзит йўналишларни мустаҳкамлаш режалаштирилган.
“Қардош мамлакатлар халқлари учун бу янгилик оилавий саёҳатларга чиқиш, таълим олиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Туристик компаниялар ва транспорт ташкилотлари эса Қозоғистон - Ўзбекистон йўналишидаги қатновларга янги суръат бағишлаши мумкин”, — дея таъкидлади вазирлик матбуот хизмати.
«Жибек жоли» ва «Ғишткўприк» пунктларининг биргаликда очилиши икки давлат раҳбарларининг стратегик шериклик ва иттифоқчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатининг изчил давом этаётганидан далолат беради», — деди Мади Такиев.
Мазкур ўтказиш пунктларини ўзаро келишув асосида модернизация қилиш икки томонлама транспорт алоқалари ва ишбилармонлик ҳамкорлигини, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Маросимда Қозоғистон томонидан Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерали Тоғжанов, ҚР Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари — Чегара хизмати директори Ерлан Алдажуманов ҳам иштирок этганини таъкидлаш жоиз.