Қозоғистон уранни экспорт қилишнинг Россиядан бошқа йўлини топди

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон уранни Россия ҳудудисиз хорижга сотиш ва жўнатиш йўлини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Kazatomprom» АЖ бошқаруви раиси Ержан Муқанов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

«Биз Россияга қарши санкциялар таъсирини таҳлил қилмоқдамиз. Украинадаги геосиёсий вазият ураннинг бозор нархи ва миллий валюта курсида сезиларли ўзгаришларга олиб келди. Бироқ шу кунгача Россияга қарши санкциялар уранни сотиш ва ташишга жиддий таъсир кўрсатмади. Геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, логистикага эътибор қаратамиз. Шу муносабат билан, Санкт-Петербург порти орқали ўтувчи асосий йўналишимиз мунтазам режимда ишлаётганини эслатиб ўтмоқчимиз», – деди Ержан Муқанов компанияда ўтказилган матбуот анжуманида.

Компания раҳбарининг сўзларига кўра, маҳсулот етказиб беришда ҳеч қандай чекловлар йўқ.

«Шунга қарамай, компаниямиз 2018 йилдан буён муваффақиятли фойдаланиб келаётган, Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарига чиқадиган муқобил Транскаспий халқаро транспорт йўналишига ўтиш бўйича чора кўрилди. Бу бизга Ғарб конверторларида операцияларни амалга ошириш, шунингдек, Ғарб конверсион корхоналари мижозлари олдидаги мажбуриятларимизни бажариш имконини беради», – деди у.

Компаниянинг тижорат директори ҳам уран экспорти Транскаспий халқаро транспорт йўналиши орқали амалга оширилишини тасдиқлади.

«Миллий оператор сифатида бу йўналишда муаммо йўқлигини тасдиқлашимиз мумкин. Ушбу йўналиш бўйлаб режалаштирилган юк ташиш жорий йилнинг кузида 100 фоизга бажарилиши керак», – дея қўшимча қилди Дастан Кўшербаев брифинг чоғида.

Муаллиф: Даулет Изтилеу

Сўнгги хабарлар