Қозоғистон уранини ким сотиб олади ва мамлакат ундан қанча даромад олади
ASTANA. Kazinform - Жаҳонда атом энергетикаси учун уранга бўлган талаб 2040 йилга келиб икки баравардан кўпроқ ошиши мумкин. Шу билан бирга, Қозоғистон геологик қидирув ишларини кенгайтириш, истиқболли олтита майдонни ўрганиш ва янги захираларни излаш учун 85 миллиард тенгегача маблағ сарфлашни режалаштирган. Мамлакат уран экспортидан қанча даромад олади ва қўшма корхоналар соҳа ривожида қандай ўрин тутади. Бу ҳақда Kazinform агентлиги материалида сўз юритилади.
Уранга бўлган талаб ортади
Жаҳон ядро ассоциациясининг (World Nuclear Association) World Nuclear Fuel Report ҳисоботига кўра, 2025 йилда дунёдаги ядровий реакторларга тахминан 68,9 минг тонна уран керак бўлган. Асосий сценарийга кўра, 2040 йилга келиб бу кўрсаткич 150 минг тоннадан ошади. Атом энергетикаси жадал ривожланган тақдирда эса уранга бўлган эҳтиёж 200 минг тоннадан ортиши мумкин.
Шунингдек, атом энергетикасининг ўрнатилган қуввати ҳам сезиларли даражада ошиши кутиляпти. Асосий сценарийга кўра, бу кўрсаткич 2025 йилдаги 398 ГВтдан 2040 йилга келиб 746 ГВтгача ўсиши мумкин.
Уранга бўлган эҳтиёжнинг ортиши янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва геологик қидирув ишларига инвестиция киритишни долзарб масалага айлантирмоқда. 2025 йилда дунё бўйича тахминан 60 минг тонна уран қазиб олинган. Агар жаҳон энергетика балансида атом энергетикаси улушини уч бараварга ошириш сиёсати амалга оширилса, уранга бўлган йиллик эҳтиёж тахминан 250 минг тоннани ташкил этиши мумкин.
Қозоғистон қанча уран экспорт қилди
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Қозоғистон табиий уран экспорти бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. 2024 йилда мамлакат 28 минг тоннадан ортиқ табиий уран ва унинг бирикмаларини экспорт қилиб, бу орқали 4,54 миллиард доллар даромад олган. Сўнгги йилларда экспорт қиймати сезиларли даражада ошди.
Шундай қилиб, 2016-2024 йилларда Қозоғистон тахминан 23,4 миллиард долларлик табиий уран экспорт қилган.
2024 йилда Қозоғистон уранининг асосий харидорлари Россия, Хитой, АҚШ, Франция ва Канада бўлди. Россияга 1,81 миллиард долларлик, Хитойга 1,76 миллиард долларлик, АҚШга 313,5 миллион долларлик, Францияга 310,9 миллион долларлик ва Канадага 248,3 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилган.
2025 йилда Қозоғистон 21,36 минг тонна табиий уран экспорт қилди. Божхона статистикаси маълумотларига кўра, унинг таркибидаги уран миқдори 17,3 миллион килограммни, экспорт қиймати эса 2,98 миллиард долларни ташкил этган.
Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистонда 25,8 минг тонна уран қазиб олинган. Шундан 13,5 минг тоннаси «Казатомпром» ҳиссасига тўғри келган.
Янги конларни қидириш учун 85 миллиард тенге
«Казатомпром» Қозоғистондаги уран захираларини қидириш учун мўлжалланган янги лойиҳалар портфелини шакллантирди. Унга мамлакат ҳудудидаги истиқболли олтита уран майдони киритилган. 2030 йилгача умумий майдони 1 минг квадрат километрдан ортиқ бўлган ушбу ҳудудларда геологик қидирув ишларига 75-85 миллиард тенге инвестиция киритиш режалаштирилган.
«Казатомпром» 2025-2034 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясига мувофиқ, янги сотув бозорларидаги иштирокини кенгайтирмоқда. 2025 йилда Швейцариянинг AxpoPower AG, Чехиянинг ČEZ Group энергетика компаниялари ҳамда Япониянинг Kansai Electric Power Co., Inc. компанияси билан уран етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.
Бундан ташқари, компания 2018 йилда IPO орқали биржага чиққандан бери унинг бозор капиталлашуви 7 баравардан кўпроққа ошди.
2025 йилги маълумотларга кўра, «Казатомпром»нинг JORC стандарти бўйича минерал ресурслари 531 минг тонна уранни ташкил этади. Янги истиқболли майдонларни ҳам ҳисобга олганда, минерал-хомашё базаси 954 минг тонна уранга баҳоланмоқда.
Қозоғистон уран саноатидаги асосий активларда улушга эга
Ҳозирги вақтда Қозоғистонда уран конларини ўзлаштираётган 14 та корхона фаолият юритиб келади. Уларнинг иккитаси — Kanzhugan/Sauran ва RU-6 — «Казатомпром»нинг 100 фоиз иштирокида ишлайди. Қолган 12 та корхона Япония, Хитой, Франция ва Россия компаниялари иштирокидаги қўшма корхоналар ҳисобланади.
Масалан, Inkai лойиҳасида «Казатомпром»нинг улуши 60 фоизни, Канаданинг Cameco компаниясиники эса 40 фоизни ташкил этади. KATCO корхонасининг 49 фоизи Қозоғистон компаниясига, 51 фоизи Франциянинг Orano компаниясига тегишли. Karatau ва Akbastau лойиҳаларида улушлар 50/50 нисбатда тақсимланган. SMCC корхонасида «Казатомпром»нинг улуши 30 фоиз, Uranium One компаниясининг улуши эса 70 фоиздир.
Россиянинг «Росатом» компанияси Uranium One гуруҳи орқали учта асосий активда улушга эга. Унинг Karatau ва Akbastau конларидаги улуши ҳар бирида 50 фоизни, Southern Mining and Chemical Company (SMCC) корхонасидаги улуши эса 70 фоизни ташкил этади.
«Казатомпром»нинг ушбу лойиҳалардаги улушлари мос равишда 50, 50 ва 30 фоизга тенг.
2025 йил якунларига кўра, Қозоғистондаги 14 та уран қазиб олувчи корхонанинг умумий ишлаб чиқариш ҳажми 25 839 тоннани ташкил этди. Шундан «Казатомпром» улушига тўғри келадиган қазиб олиш ҳажми 13 519 тонна ёки умумий ҳажмнинг 52,3 фоизига тенг бўлди.
Фойда, дивидендлар ва улушлар: қўшма корхоналар қанча даромад келтиради
2025 йилда «Казатомпром» улушга эга бўлган ассоциациялашган корхоналарнинг умумий даромади 743,5 миллиард тенгени ташкил этди.
Шундан соф фойда 360,9 миллиард тенгага тенг бўлди. «Казатомпром» ҳиссасига тўғри келган фойда улуши эса тахминан 170 миллиард тенгени ташкил этди. Компания ушбу корхоналардан 112,7 миллиард тенге дивиденд олди.
Қўшма корхоналарга келсак, 2025 йилда «Казатомпром»нинг улардаги улушига тўғри келган фойда 29,2 миллиард тенгени, олинган дивидендлар миқдори эса 20,5 миллиард тенгени ташкил этди.
Масалан, Semizbay-U корхонасининг 51 фоизи «Казатомпром»га, 49 фоизи эса Хитойнинг CGN компаниясига тегишли. 2025 йилда корхонанинг тушуми 81,1 миллиард тенге, соф фойдаси эса 35,8 миллиард тенгени ташкил этди. «Казатомпром»нинг ушбу корхона фойдасидаги улуши 23,4 миллиард тенгега етди.
Уран саноати давлат бюджетига қанча маблағ ўтказади
2025 йилда «Казатомпром» гуруҳи ва унинг уран қазиб олувчи корхоналари давлатга 444,1 миллиард тенге ўтказди.
Жумладан:
Корпоратив даромад солиғи — 277,5 миллиард тенге.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш солиғи — 150,5 миллиард тенге.
Инфратузилмани ривожлантириш учун тўловлар — 3,8 миллиард тенге.
Бошқа тўловлар — 12,3 миллиард тенге.
Айрим корхоналар томонидан давлатга ўтказилган маблағлар ҳам сезиларли бўлди. 2025 йилда Karatau 98,9 миллиард тенге, Inkai 83,6 миллиард тенге, Turanium 51,3 миллиард тенге, Akbastau 47,1 миллиард тенге, Ortalyk 40,1 миллиард тенге ва Budenovskoye 31,3 миллиард тенге тўлади.