Қозоғистон товарларининг Венгрияга экспорти 56 фоизга ошди

ASTANA. Kazinform - 2026 йил январь-сентябрь ойларида Қозоғистон маҳсулотларининг Венгрияга экспорти 56 фоизга ошиб, 19,6 миллион долларни ташкил этди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ҳамда Венгриянинг Қозоғистондаги элчиси Ференц Цомбош ўртасида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги ҚР Савдо ва интеграция вазирлигига таяниб хабар беради.

экспорт
Фото: report.az

Вазирлик маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 177,1 миллион долларга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоизга кўпдир.

2025 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 13,5 фоизга ошиб, 226,7 миллион долларни ташкил этган.

Учрашув давомида томонлар инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини ҳам кўриб чиқди. 2005 йилдан буён Венгриянинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми қарийб 433 миллион долларни ташкил этган. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари энергетика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, Қозоғистон делегациясининг Венгрияга бўлажак ташрифига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 12 декабрда Дебрецен шаҳрида 20 дан ортиқ маҳаллий компания иштирокида Қозоғистон-Венгрия бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилган.

Тадбирда агросаноат мажмуаси, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва енгил саноат, савдо ҳамда туризм соҳалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

“Биз савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Ишончим комилки, бўлажак бизнес-форум ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар эшигини очади”, — деди Венгрия элчиси Ференц Цомбош.

Форум доирасида B2B учрашувларини ўтказиш режалаштирилган. Уларда икки мамлакат тадбиркорлари Қозоғистон маҳсулотларини Венгрия бозорига етказиб бериш ҳажмини ошириш, экспорт шартномаларини тузиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қиладилар.