Қозоғистон терма жамоаси WorldSkills Shanghai 2026 чемпионатида саккизта медални қўлга киритди
ASTANA. Kazinform — Шанхайда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Қозоғистон терма жамоаси саккизта медални қўлга киритди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ишчи касбларни ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Президент ташаббуси билан 2025 йил Ишчи касблар йили деб эълон қилинди. Коллежларни жон бошига қараб молиялаштириш ҳажми оширилиб, ёшларнинг сифатли касбий таълим олиши учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Шанхайдаги жаҳон чемпионатида Қозоғистон терма жамоаси саккизта мукофотга эга бўлди: битта бронза медаль, касбий маҳорати учун олтита медаль ва «Best of Nation» мукофоти. Бу натижа ортида талабаларнинг жиддий тайёргарлиги, устозларининг меҳнати ҳамда давлатнинг касбий таълимга кўрсатаётган тизимли қўллаб-қувватлаши турибди.
«Учувчисиз авиация тизимлари» компетенцияси бўйича Руслан Нестеренко бронза медаль соҳиби бўлди. Бу йўналиш жаҳон чемпионати дастурига илк бор киритилди. Қозоғистонлик ёш мутахассис биринчи мусобақанинг ўзида совринли ўринни эгаллаб, янги технологияларни ўзлаштириш борасидаги салоҳиятини намоён этди.
Касбий маҳорати учун медалларни Ағибай Муҳамеджан («Веб-технологиялар»), Нодирбек Рустамханов («Сантехника ва иситиш»), Вадим Витковский («Пайвандлаш технологиялари»), Дарья Мельник («Саноат дизайни»), Бағижан Қойшибаев («График дизайн»), шунингдек, «Мехатроника» йўналишида жамоа сифатида иштирок этган Рамазан Нурлан ва Денис Панин қўлга киритди.
«Рақамли интерактив медиа дизайни» компетенцияси бўйича иштирок этган Камила Алиева «Best of Nation» мукофотига сазовор бўлди.
“48-чи жаҳон чемпионатида Қозоғистон номидан 31 та компетенция бўйича 33 нафар коллеж талабаси иштирок этди. Уларнинг ютуғи қозоғистонлик ёшларнинг ишчи касбларидагина эмас, балки муҳандислик, рақамли ва ижодий йўналишларда ҳам жаҳон даражасида рақобатбардош эканини кўрсатди. Ёшларни, уларнинг устозлари ва экспертларини табриклаймиз”, — дейилади вазирлик хабарномасида.