"Қозоғистон темир йўли" Хитойнинг СRRC компанияси билан умумий қиймати 1,3 млрд долларлик шартнома имзолайди
Қозоғистон Президенти CRRC Сorporation Limited компанияси раиси ва ижрочи директори Cунь Юнцайни қабул қилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Учрашувда машинасозлик ва темир йўл транспорти соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга “Бир макон, бир йўл” форуми доирасида “Қозоғистон темир йўли” миллий компанияси ва СRRC ўртасида қиймати 1,3 миллиард долларлик ҳамкорлик шартномаси имзолангани ҳақида маълумот берилди. Ушбу ҳужжат 200 та манёвр ва магистраль локомотив сотиб олишни, шунингдек, Қозоғистонда муҳандислик ва сервис марказларини очишни назарда тутади.
ҚР Президенти мамлакат илғор технологияларни қўллаш, темир йўл техникаларига хизмат кўрсатиш марказларини очиш орқали локомотив ишлаб чиқаришнинг маҳаллий улушини оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шу муносабат билан Давлат раҳбари Қозоғистон асосий транспорт-логистика маркази эканлигини ва у орқали СRRC Евроосиё маконига ва Европа бозорларига чиқиши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, Давлат раҳбари компаниянинг ушбу мақсадлар учун 200 миллион доллар сармоя киритиш ниятини олқишлади.
“Корпорациянгиз мамлакатимиз билан 20 йилдан буён муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келаётганидан хурсандмиз. Шу йилларда Қозоғистон корхонадан 300 га яқин йўловчи вагонлари ва локомотивлари, шунингдек, 6 мингта юк вагонлари харид қилди. Қозоғистонда компания маҳсулотлари юқори сифатли эканлигини исботлади. Ишончим комилки, ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтариш учун барча имкониятлар мавжуд”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Ўз навбатида Сунь Юнцай Қозоғистоннинг СRRC компаниясини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, корхонанинг Қозоғистон бозоридаги 20 йиллик фаолияти давомида ўзаро манфаатли ҳамкорлик юқори даражага кўтарилган.
CRRC Corporation Limited дунёдаги энг йирик темир йўл транспорти ишлаб чиқарувчиси бўлиб, глобал локомотив ишлаб чиқариш бозорининг қарийб 50 фоизи шу Хитой компаниясига тегишли.