Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Руминия раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди

СІМ
Фото: СІМ

Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу Бухарестга расмий ташрифи доирасида Руминия Бош вазири Марчел Чолаку ва Парламент Сенати раиси Николае Чуке билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Kazinform.

Руминия Ҳукумати раҳбари билан музокаралар чоғида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва диверсификация қилишнинг барча мавжуд имкониятлари кўриб чиқилди.

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари бугунги музокаралар Қозоғистон-Руминия ўзаро ҳамкорлиги ривожини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

“Сўнгги ўттиз йилликда Қозоғистон ва Руминия юқори даражадаги сиёсий мулоқот ва самарали иқтисодий ҳамкорликка эришди. Ҳар томонлама кун тартибини илгари суриш учун мустаҳкам қонунчилик базаси ва самарали икки томонлама механизмлар яратилди”, - деди М. Нуртилеу.

Ўз навбатида, М.Чолаку кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ўз қарашларини тасдиқлади.

“Биз Европа Иттифоқининг стратегик ҳамкори бўлган Қозоғистон билан ҳамкорликка катта аҳамият берамиз ва энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш каби устувор йўналишларда мувофиқлаштириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилишни таклиф қиламиз”, - деди Бош вазир.

Томонлар ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши салоҳиятидан фаол фойдаланиш, шунингдек, тегишли вазирликлар раҳбарларининг ташрифларини алмашишга келишиб олдилар.

Шу куни вазир М.Нуртилеу Парламент Сенати раиси Н.Чуке билан учрашди.

Томонлар парламентлараро ва сиёсий мулоқотнинг ривожланиш динамикасини юқори баҳоладилар, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Дўстлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш орқали икки давлат парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, икки давлат қонун чиқарувчилари ўртасида ташрифлар алмашинувини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Сўнгги хабарлар