Қозоғистон таълим соҳасида Марказий ва Жанубий Осиёда етакчилик қилмоқда
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари орасида «Таълим» кўрсаткичи бўйича биринчи ўринни эгаллади.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан Қозоғистонда таълим сифати ва ундан фойдаланиш имкониятларини ошириш, замонавий мактаб инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда педагогларнинг салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишлар инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим қисмидан бири ҳисобланади.
2025 йилги Глобал инновациялар индекси (Global Innovation Index) натижаларига кўра, Қозоғистон Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари орасида «Таълим» кўрсаткичи бўйича биринчи ўринни эгаллади. Жаҳон рейтингида мамлакат 68-ўринни қайд этди.
Халқаро менежментни ривожлантириш институти (IMD)нинг Жаҳон рақобатбардошлик рейтингида ҳам ижобий динамика кузатилди. «Таълим» кўрсаткичи бўйича Қозоғистон 69 мамлакат орасида 2021 йилдаги 45-ўриндан 2025 йилда 38-ўринга кўтарилиб, сўнгги беш йилдаги энг юқори натижага эришди.
Яна бир муҳим ютуқ — Қозоғистоннинг умумий ўрта таълим тизимида ўқувчилар ва педагоглар сони нисбати бўйича 69 мамлакат орасида иккинчи ўринни эгаллаганидир. IMDнинг Жаҳон истеъдодлар рейтинги маълумотларига кўра, мамлакатда ҳар бир педагогга ўртача 8,34 нафар ўқувчи тўғри келади.
Давлат сиёсати доирасида таълим инфратузилмасини ривожлантириш ишлари давом эттирилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган «Келажак мактаблари» миллий лойиҳаси доирасида 460 минг ўқувчи ўрнига мўлжалланган 217 та замонавий мактаб қурилди. Шунингдек, педагогларни қўллаб-қувватлаш чоралари такомиллаштирилиб, таълим сифатини ошириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Халқаро рейтинглар кўрсаткичлари Қозоғистоннинг таълим соҳасидаги ўрнини белгилаб, инсон капиталини мустаҳкамлашда таълим тизимини изчил ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.