Қозоғистон сув спорти федерацияси номи ўзгарди
Алмати шаҳрида Қозоғистон сув спорти федерациясининг конференцияси бўлиб ўтди ва йиғилишда федерация номи «Kazakh Aquatics» деб ўзгартирилди, деб хабар беради Kazinform.
Федерация матбуот хизмати таъкидлаганидек, мазкур ташкилот номини ўзгартириш стратегик қарорлардан бири ҳисобланади. Бундан кўзланган асосий мақсад халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, сув спортининг замонавий талабларга жавоб беришига кенг йўл очишдир. Федерация раҳбарияти ташкилотни муваффақиятли ривожлантириш ва юксак марраларни қўлга киритиш йўлида барча томонлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ишонч билдиради.
Мазкур йиғилишда вилоятлар вакиллари, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, шунингдек, Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси аъзолари иштирок этди.
Конференция давомида федерация президенти ва ижроия қўмитаси сайланди, федерациянинг ўтган даврдаги фаолияти ва бўлажак Олимпия циклидаги режалари таҳлил қилинди.
Анжуманда бир овоздан Андрей Крюков федерация президенти этиб сайланди. Шу билан бирга, Федерация Ижроия қўмитасининг янги таркиби шакллантирилди. Ташкилотнинг асл услубини ислоҳ қилиш, янги қоидаларни жорий этиш, резолюция ҳужжатларини янгилаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.