Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Аналар саулығы» дастури ишлаб чиқилди
ASTANА. Кazinform – ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўсмирларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, фертил(туғиш) ёшидаги аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 8 та чора-тадбирлардан иборат «Аналар саулығы» (“Оналар саломатлиги”) дастури ишлаб чиқилди.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, участка шифокорлари ҳар бир фертил ёшидаги аёлни тиббий кўрикдан ўтказиб, унинг саломатлик индексини аниқлайди. Ҳомиладорликни режалаштираётган аёллар, ёш қизлар ва ўсмирлар алоҳида назорат остида. Хавфсиз ҳомиладорликни таъминлаш учун ҳомиладорлик бошланишидан олдин соғлиқни сақлаш чоралари гравидал тайёргарлик шаклида амалга оширилади.
Гравидал тайёргарлик - бу соғлиқни сақлаш ҳолатини баҳолаш ва эр-хотинни фарзанд кўришга, кейинги ҳомиладорлик ва соғлом бола туғилишига тайёрлашга қаратилган диагностика, профилактика ва даволаш тадбирлари мажмуаси.
“Мамлакатимиздаги ҳар бир аёлга ёшлигиданоқ ўз вақтида сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши муҳим. Биз мамлакатимизнинг ҳар бир аёлини ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин клиникага боришга ва текширувдан ўтишга таклиф қиламиз. Бугунги кунда мамлакатимизда 10 миллиондан ортиқ аёл истиқомат қилса, уларнинг 4,7 миллион нафари фертил ёшидаги аёллардир.
Улар оилада асосий рол ўйнайди. Хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш барқарор ижтимоий-демографик ривожланишимизнинг асосидир”, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.