Қозоғистон Сингапурнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда – Вонг
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев яқинда Сингапур бош вазири лавозимига тайинланган Лоуренс Вонгни табриклаб, унга янги давлат лавозимида муваффақиятлар тилади, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Сингапур Қозоғистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги стратегик ҳамкори эканини таъкидлаб, икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни юксак қадрлади.
“Биз Сингапур билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Икки мамлакат ўртасида узоқ йиллардан буён мустаҳкам алоқалар ўрнатилган. Сингапур билан алоқалар ўрнатишда бевосита иштирок этганман. 1970 йилларда ёш дипломат сифатида менга Сингапурда хизмат қилиш бахти насиб этди. Мен ишлаган жой манзили – Nassim road 51, ҳалигача эсимда”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Қозоғистон Президенти Сингапур жуда жадал ривожланаётгани, бу давлат жаҳон иқтисодиётида етакчи ўринни эгаллашини таъкидлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев Сингапурга илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлашига ишонч билдирди ва бунинг учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу ташриф доирасида маҳаллий етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашиш, томонларни қизиқтирган аниқ бизнес лойиҳаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Сингапур Бош вазири ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Лоуренс Вонг икки давлат иқтисодиёти бир-бирини тўлдиришини ва Сингапур Қозоғистон учун АСEАН давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришда марказга айланиши мумкинлигини, Қозоғистон Сингапурнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишини таъкидлади.
Учрашувда иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар яшил энергия, транспорт-логистика, рақамлаштириш, молия, агросаноат комплекси, алоқа, муҳим хомашё ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, электрон тижорат каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Лоуренс Вонг Алмати вилоятида Сингапурнинг Surbana Jurong компанияси иштирокида Alatau City (G4 City) каби кенг кўламли лойиҳанинг амалга оширилишини, шунингдек, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши салоҳиятини оширишга қаратилган PSA International ва “Қозоғистон темир йўли” АЖ ўртасидаги ҳамкорликни олқишладилар.
Учрашувда таълим ва фан соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ошириш, талабалар алмашинуви ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Қозоғистон ва Сингапур ишбилармон гуруҳлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишиб олдилар. Давлат раҳбари икки давлат ўртасидаги кўп режали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ҳукуматлараро комиссия тузишни таклиф қилди.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Лоуренс Вонгни Қозоғистонга расмий ташриф билан келишни таклиф қилди.
Сўнгра Қозоғистон Президенти ва Сингапур Бош вазири ташриф доирасида имзоланган ҳужжатлар алмашинуви маросимида иштирок этди. Қозоғистон бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу ва Сингапур барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири, савдо алоқалари бўйича масъул вазир Грейс Фу рамзий маънода ҳужжатлар алмашди.