Қозоғистон сериалларини қайси давлатлар сотиб олади
«Миллий мафкурада сериаллар жуда муҳим. Америкада Голливуд кўплаб жамоат қадриятлари, фикрлари ва Қўшма Штатлар концепциясининг шаклланишига ҳисса қўшган. Шу боис сериалларимизда бу йўналишдаги тегишли лойиҳалар инобатга олинган. Масалан, оилавий қадриятлар, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳнаткаш одам ёки бошқа йўналишларга оид мавзулар сериаллардан жой олган», - деди Д. Қидирали Сенатнинг «Давлат мафкурасини шакллантиришда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни» мавзуида бўлиб ўтган йиғилишда.
Шу муносабат билан вазир маҳаллий сериалларга хорижда ҳам талаб борлигини айтди.
«Сериалларимизга ички бозорда ҳам, халқаро миқёсда ҳам талаб катта. Ўтган йили 20 та давлатга 100 га яқин маҳсулот сотилган. Томошабинлар сериалларимизни Марказий Осиё давлатлари, Россия, МДҲ давлатлари ва Озарбайжонда томоша қилишади. Яқинда Мўғулистон вакиллари маҳаллий телесериалларни сўрашди. Лотин Америкаси, Европа ва Австралия бизнинг маҳаллий фильмларимизни сотиб олади. Қозоғистонда ишлаб чиқарилган анимацион фильмларга талаб бор. Ҳозир сериалларни суратга олувчи жамоаларга давлат тили ва анъаналари юзасидан тегишли талаблар қўймоқдамиз, – деди Дархан Қидирали.
Муаллиф: Серик Сабеков