Қозоғистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида қандай масалалар муҳокама қилинди
ASTANА. Kazinform - Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги 25-Ҳукуматлараро комиссиянинг Москва шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради Ҳукумат матбуот хизмати.
Қозоғистон Ҳукумат делегациясига ҚР Бош вазирининг ўринбосари Серик Жуманғарин, Россия томонига эса Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчук бошчилик қилди.
Томонлар транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. 2024 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, Қозоғистон ва Россия темир йўлларининг ҳамкорликдаги ишлари натижасида Россиядан Қозоғистон орқали Хитойга контейнер ташиш ҳажми 63 фоизга, Россия ва Қозоғистон ҳудуди орқали "Хитой - Европа - Хитой" йўналиши бўйича ташиш ҳажми 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 65 фоизга ўсди.
Ушбу йиғилишда томонлар “Хитой-Қозоғистон-Россия” йўналиши бўйича контейнер поездларининг юк ташиш ҳажмини ошириш учун Селятино станцияси яқинида транспорт инфратузилмасини қуриш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Мазкур станцияда жорий йилнинг апрель ойида Сиань (Хитой) – Дўстлик/Олтинкўл (Қозоғистон) – Селятино(Россия) йўналиши бўйича юк ташишни самарали амалга оширишга қаратилган CRK Terminal замонавий транспорт-логистика марказини яратиш лойиҳаси ишга туширилди. Мазкур марказ халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшиб, Қозоғистон орқали транзит ташишнинг рақобатбардошлигини оширади.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Қозоғистон томони Россия томонидан ички карантин остидаги маҳсулотлар импортига чекловлар жорий этиш масаласини кўтарди. Томонлар вазиятни тезда ҳал этиш йўлларини ишлаб чиқиш учун ваколатли давлат органлари ўртасида икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олдилар.
Учрашувда савдо-иқтисодиёт, саноат, энергетика, транспорт, молия, маданият, фан, таълим ва туризм соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик якунлари ҳам кўриб чиқилди.
2024 йилнинг январь-август ойларида Қозоғистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 17,2 миллиард долларни ташкил этди.