Қозоғистон профессионал футбол лигаси президенти сайланди

28 март куни Қозоғистон профессионал футбол лигаси аъзоларининг умумий йиғилишида лиганинг янги президенти сайланди. Лига аъзолари бир овоздан Рохус Шохни 2 йил муддатга янги етакчи этиб сайладилар.
Рохус Шох Жамбил вилоятида туғилган. Футболчи сифатида «Химик» (Жамбил), «Жетису» (Талдиқорған) ва «Шахтёр» (Павлоград) клубларида тўп сурган. Фаолияти якунида у Украинанинг «Днепр» клубига селекционер-мураббий сифатида таклиф қилинган. 1991 йилда у Волгограднинг «Ротор» жамоаси мураббийлар штабига келиб, 2004 йилгача клубда турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
2005 йилда ЦСКА (Москва) футбол клубида техник директор лавозимида ишлаган.
Москва клубидан сўнг у «Ротор»га қайтди ва клуб директори, вице-президенти бўлди. Кейинчалик «Урал» (Екатеринбург) жамоасида спорт директори лавозимида ишлаган.
2014 йилда у Россия футбол иттифоқи Ижроия қўмитаси аъзоси этиб сайланган. 2019 йилда у РФИ бош котиби Александр Дюковнинг минтақавий сиёсат бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган, шунингдек, ушбу тузилмада Оммавий футбол қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
Муаллиф: Адилжан Умбет