Қозоғистон Президенти Ўскемен титан-магний комбинатига ташриф буюрди
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари “Ўскемен титан-магний комбинати” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариш ишларининг аҳволи ва корхонани ривожлантириш истиқболлари билан танишди, деб хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Комбинат хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган бутун ишлаб чиқариш циклини қамраб олувчи ғовакли титан, титан қуйма ва қотишмалари ишлаб чиқарадиган дунёдаги ягона корхоналардан бири ҳисобланади. Ишлаб чиқариш тузилмаси 5 та асосий ва 6 та ёрдамчи цехлардан, шунингдек, шўъба ва қўшма корхоналардан иборат. Жаҳон титан бозорининг 11 фоизи Қозоғистонга тегишли бўлиб, авиация саноатида титаннинг 20 фоиздан ортиғини мамлакат етказиб беради.

Давлат раҳбарига комбинат маҳсулотлари Airbus, Boeing, TIMET, ATI, Safran, UKAD, Pratt&Whitney, General Electric, Dynamet, Howmet, POSCO, Baoti, MIDHANI каби дунёнинг йирик компаниялари сертификатлангани маълум қилинди. Қозоғистон титанидан кемасозлик, энергетика, аэрокосмик, нефть-газ саноати ва тиббиётда кенг фойдаланилади. Маҳсулот АҚШ, Буюк Британия, Франция, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Хитойга экспорт қилинади.
Келгуси ўн йилда комбинатда умумий қиймати 207 миллиард тенге бўлган 25 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Қасим-Жомарт Тоқаев ишлаб чиқариш цехларида бўлиб, комбинат ишчилари билан суҳбатлашди.

– Бу комбинат кўп жиҳатдан илғор муассаса саналади. Замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. Қозоғистон титан ишлаб чиқариш бўйича жаҳон бозорида етакчи ўринни эгаллайди. Бундай корхоналар мамлакатимиз учун жуда зарур. Ишларингиз баракали бўлсин”, - деди Президент.