Қозоғистон Президенти номига Республика куни муносабати билан табрик телеграммалари келмоқда
ASTANA. Kazinform – Миллий байрам – Республика куни муносабати билан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев номига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик мактублари келмоқда. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўз телеграммасида икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида муваффақиятли ривожланиб бораётгани, Москва ва Астана ўртасида турли кўп томонлама ҳамкорлик доирасида фаол алоқалар ўрнатилгани таъкидланган.
“Ишончим комилки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали халқларимиз фаровонлиги, Евроосиё маконида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини янада жонлантирамиз”, – деб ёзди Владимир Путин.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Қозоғистоннинг минтақавий ва халқаро миқёсдаги таъсири кучайганини таъкидлаб, унинг халқи дўстона қўшни ва ҳар томонлама стратегик шерик сифатида эришилаётган бу ютуқлардан чинакам хурсанд эканини таъкидлади.
“Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун сиз билан кучларни бирлаштиришга тайёрман”, – дейилади ХХР Раиси телеграммасида.
Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқига йўллаган табрик телеграммасида мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик каби Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тамойилларга асосланганига эътибор қаратди.
“Биз ушбу тамойилларга қатъий амал қилган Қозоғистон билан хавфсизлик, иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этишда қўшма ишларни давом эттиришдан манфаатдормиз”, – деб ёзади Жозеф Байден.
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Чарльз III Қозоғистон билан ҳамкорликни юқори баҳолаб, мамлакатлар тинчлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши каби глобал аҳамиятга молик масалалар бўйича ўрнатилган яқин муносабатларни бундан буён ҳам давом эттиришига ишонч билдирди.
Франция Президенти Эммануэль Макрон ўз табрикномасида икки давлатни кўп томонлама ҳамкорлик бирлаштириб туришини айтди.
“Умид қиламанки, биз турли тузилмалар доирасидаги алоқаларимизни мустаҳкамлаб, ҳамкорлигимиз уфқларини кенгайтира оламиз”, – деб ёзади Франция Президенти.
Туркия Президенти Режеп Таййиб Эрдоған қардош халқлар ўртасидаги муносабатлар муштарак тилимиз, тарихимиз ва маданиятимиздан қувват олиб, янада чуқурлашишига тўлиқ ишонишини билдирди.
“Биз Қозоғистоннинг туркий дунё бирлигига алоҳида аҳамият бераётгани, туркий давлатлар ташкилотини мустаҳкамлашдаги етакчи ролини юксак қадрлаймиз”, – дейилади Туркия Президенти телеграммасида.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев табригида Қозоғистонда кенг кўламли ўзгаришлар рўй бергани, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кенг қамровли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Қозоғистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини таъкидлади.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қозоғистон мустақилликка эришганидан буён қардош Қозоғистон давлат пойдеворини мустаҳкамлаш, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, фаол ташқи сиёсат йўлида салмоқли муваффақиятларга эришганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик бундан кейин ҳам ривожланиб боришига ишонч билдирди.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойилларига асосланган дўстлик ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини маълум қилди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон-Қозоғистон ҳамкорлиги кўп йўналишларда жонланаётганини таъкидлаб, юқори даражадаги очиқ ва дўстона мулоқот бунга ижобий таъсир кўрсатаётганини ёзди. Туркманистон Халқ маслаҳат мажлиси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам мамлакат миллий байрами муносабати билан ўзининг самимий табрикларини йўллади.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўз телеграммасида унинг мамлакати Қозоғистон билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, Қўш тож қўриқчиси, Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Рим папаси Франциск, Япония Императори Нарухито, Марокаш Қироли Муҳаммад VI, Баҳрайн Қироли Ҳамад бин Исо ал-Халифа, Уммон Султони Хайсам бин Тариқ, Нидерландия Қироли Виллем-Александр, Бельгия Қироли Филипп, Швеция Қироли Карл Густав, Испания Қироли Фелипе VI, Таиланд Қироли Маха Вачиралонгкорн, Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, Ҳиндистон Президенти Драупади Мурму, Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Италия Президенти Сержо Маттарелла, Швейцария Президенти Виола Амҳерд, Чехия Президенти Петер Павел, Словакия Президенти Петер Пеллегрини, Португалия Президенти Марселу Ребелу де Соза, Эрон Президенти Масуд Пезешкиан, БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Миср Президенти Абдел Фаттоҳ Ас-Сиси, Индонезия Президенти Прабово Субианто, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, Сингапур Президенти Тарман Шанмугаратнам, Австрия Президенти Александр Ван дер Беллен, Финляндия Президенти Александр Стубб, Хорватия Президенти Зоран Миланович, Болгария Президенти Румен Радев, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Арманистон Президенти Ваган Хачатурян, Литва Президенти Гитанас Науседа, Латвия Президенти Эдгарс Ринкевичс, Эстония Президенти Алар Карис, Албания Президенти Байрам Бегай, Исроил Президенти Ицхак Герцог, Вьетнам Президенти Кионг Лионг, Руминия Президенти Клаус Вернер Йоханнис, Кипр Президенти Никос Христодулидис, Жанубий Африка Республикаси Президенти Матамела Сирил Рамафоса, Сербия Президенти Александр Вучич, Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданий, БАА Вице-Президенти, Бош вазири, Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рошид Ал Мактум, БАА Вице-Президенти, Бош вазир ўринбосари, Президент маъмурияти раҳбари Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён, Канада генерал-губернатори Мэри Саймон, Европа кенгаши президенти Шарль Мишель, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Чжан Мин, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омиралиев, Татаристон раиси Рустам Минниханов ва бошқалар табрик телеграммаси жўнатдилар.
Табрик телеграммалари ҳамон келаяпти.