Қозоғистон Президенти номига Республика куни муносабати билан табрик телеграммалари келмоқда
Республика куни муносабати билан Қасим-Жомарт Тоқаев номига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик мактублари келмоқда, дея хабар беради Каzinform агентлиги Ақордага таяниб.
Россия Президенти Владимир Путин Давлат раҳбарини Республика куни билан табриклаб, мамлакатга муваффақият ва фаровонлик тилади.
“Мамлакатингиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан ишончли дадил бормоқда. Шунингдек, у муҳим халқаро муаммоларни ҳал этишга катта ҳисса қўшди ва жаҳон майдонида катта обрў-эътибор қозонди. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар юқори даражада ривожланмоқда. Стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, МДҲ, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, КХШТ ва ШҲТ каби ташкилотлар доирасидаги конструктив ҳамкорликни кенгайтириш халқларимизнинг олий манфаатларига жавоб беради”, — дейилади телеграммада.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Қасим-Жомарт Тоқаев ва дўст Қозоғистон халқига ўзининг самимий саломи ва эзгу тилакларини йўллади. Қозоғистонда сўнгги йилларда барқарор иқтисодий ривожланиш кузатилаётгани, мамлакатнинг минтақавий ва халқаро масалалардаги нуфузи ортиб бораётганини таъкидлади.
“Сиз ташаббускор ва ҳаётга татбиқ этаётган Янги Қозоғистонни яратиш ғояси катта муваффақият қозонишига ишонаман. Мен сиз билан Хитой-Қозоғистон муносабатларини абадий ва ҳар томонлама стратегик шерикликка асосланган янги босқичга кўтариш учун ҳамкорлик қилишга тайёрман”, — деб ёзди ХХР Раиси.
Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқига йўллаган табригида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади.
“Қозоғистон ва АҚШни суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликни сақлаш йўлидаги умумий манфаатга асосланган шериклик бирлаштиради. Ўттиз йилдан ортиқ вақтдан буён биз ана шу тамойилларни асраб-авайлаш, халқимизнинг ёруғ келажагини яратиш йўлида ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Сўнгги йилларда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш устида ишладик. Мен мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш ниятидаман”, — дейилади Президент Байденнинг табрик телеграммасида.
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Чарльз III Қозоғистон билан дўстона муносабатлар ва икки томонлама шериклик бундан буён ҳам мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Франция Президенти Эммануэл Макрон ўз табрикида узоқ муддатли икки томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, энергетика, сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва хомашё соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Қозоғистонга бўлажак ташрифимни интиқлик билан кутаман”, — дейилади телеграммада.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев табригида Қасим-Жомарт Тоқаев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар самарасида замонавий Қозоғистон изчил ривожланиб бораётгани, унинг минтақавий ва глобал миқёсдаги тегишли ташаббуслари халқаро ҳамжамият томониданмуносиб эътироф этилаётганини таъкидлади.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг адолатли Қозоғистон яратиш ташаббусини доимо қўллаб-қувватлашини айтди. Шу билан бирга, у иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ижобий динамикаси икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли режа яратиш имконини беришини таъкидлади.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Қозоғистоннинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида эришган ютуқларини юқори баҳолади.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларга алоҳида эътибор қаратди.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўз телеграммасида чуқур тарихий илдизларга эга, қардошлик ва ўзаро ишончга асосланган Озарбайжон-Қозоғистон муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Беларусь Президенти Александр Лукашенко ўз табрик мактубида Қозоғистон томонидан суверенитет ва ҳудудий яхлитликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, кўпмиллатли давлатнинг ички ва ташқи сиёсатдаги конструктив ҳамкорлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаган.
Бундан ташқари, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси – Вазирлар кенгаши раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Рим Папаси Франциск, Япония Императори Нарухито, Марокаш Қироли Муҳаммад VI, Уммон Султони Хайсам бин Тариқ Ал Саид, Испания Қироли Фелипе VI, Нидерландия Қироли Виллем-Александр, Швеция Қироли Карл Густав, Ҳиндистон Президенти Драупади Мурму, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль, Сингапур Президенти Тарман Шанмугаратнам, Арманистон Президенти Ваган Хачатурян, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Италия Президенти Сердио Маттарелла, Болгария Президенти Румен Радев, Греция Президенти Катерина Сакелларопулу, Хорватия Президенти Зоран Миланович, Португалия Президенти Марселу Ребелу де Соуза, Руминия Президенти Клаус Йоханнис, Швейцария Президенти Ален Берсе, Латвия Президенти Эдгарс Ринкевичс, Польша Президенти Анжей Дуда, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Австралия Генерал- губернатори Девид Хёрли, Татаристон Раиси Рустам Минниханов, Мяньма штати Маъмурий кенгаши раиси Мин Аун Хлайн, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев, ЕХҲТ Бош котиби Хельга Мария Шмид, ИСЕСКО Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик ва бошқалар табрикномаларини жўнатдилар.
Табрик телеграммалари ҳамон келаяпти.