Қозоғистон Президенти Германиянинг иқтисодий уюшмалари ва молия институтлари раҳбарлари билан учрашди
ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбарининг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифининг биринчи куни мамлакатнинг етакчи ишбилармонлик уюшмалари ва молия институтлари раҳбарлари билан учрашувдан бошланди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Қасим-Жомарт Тоқаев учрашув иштирокчилари билан Германия молияси, тажрибаси ва хавфларни бошқариш механизмларини Қозоғистоннинг ресурслари ҳамда транспорт соҳасидаги имкониятлари билан уйғунлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Президент Қозоғистон Германиянинг Марказий Осиё ва Евроосиё ҳудудидаги ишончли ҳамкори бўлишга интилаётганини таъкидлади.
“Халқимиз Германияга алоҳида ҳурмат билан қарашини, уни обрў-эътибори юксак давлат деб билишини таъкидламоқчиман. Банк секторидаги темирдек интизом, муҳандислик ечимларининг юқори сифати, кичик ва ўрта бизнеснинг барқарорлиги — Mittelstand бизда катта ҳурмат уйғотади. Иқтисодиётимизни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан трансформация қилиш жараёнида айнан шу хусусиятларни намуна сифатида қабул қиламиз. Германия Федератив Республикаси Европадаги асосий ҳамкорларимиздан бири. Мамлакатимизнинг энг йирик савдо-инвестиция ҳамкори — Европа Иттифоқи билан интеграция жараёнида Қозоғистон-Германия ҳамкорлигининг аҳамияти катта. Биз катта йўлни босиб ўтдик. Шунга қарамай, иқтисодий алоқаларимизнинг салоҳияти бу билан чекланмайди. Қозоғистон уни янги сифат босқичига олиб чиқишга тайёр”, — деди Давлат раҳбари.
Президент учрашув иштирокчиларига яқинда S&P агентлиги Қозоғистоннинг суверен кредит рейтингини «барқарор» прогноз билан BBB даражасига кўтарганини маълум қилди. Fitch агентлиги ҳам худди шундай баҳо берган.
Давлат раҳбари сўнгги ўн йил ичида мамлакатимиз минтақадаги энг илғор рақамли ва молиявий экотизимни яратганига эътибор қаратди.
“Иқтисодиётимизни молиялаштиришда тараққиёт институтлари фаол иштирок этмоқда. Ўтган йили улар 20 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратди. Қозоғистон Тараққиёт банки кўп йиллардан буён Германия молия институтларининг кўмаги билан саноат, энергетика ва транспорт инфратузилмаси соҳаларида муҳим лойиҳаларни амалга ошириб келади. Бу мақсадлар учун Deutsche Bank, Helaba, LBBW, Commerzbank, KfW ва бошқа ташкилотлардан 1,2 миллиард доллар маблағ жалб этилди”, — деди Давлат раҳбари.