Қозоғистон Президенти “Бир макон, бир йўл” лойиҳалари ҳақида: Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз

Қасим-Жомарт Тоқаев
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев “Бир макон, бир йўл” ташаббуси мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга, яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро англашув муносабатларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади, деб хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

-“Бир макон, бир йўл” Буюк Ипак йўлининг ренессансига янги туртки берди, десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун Хитойнинг ушбу ташаббуси - XXI асрнинг мега лойиҳасидир. Бу адолатли баҳо”, - деди Президент Пекинда бўлиб ўтаётган олий даражадаги “Бир макон, бир йўл” III форумида.

Давлат раҳбари Қозоғистоннинг эришган ютуқлар ҳақида ҳам гапирди. Шу билан бирга, Президент таъкидлаганидек, Евроосиёнинг қоқ марказида жойлашган мамлакат Шимол билан Жануб, Ғарб ва Шарқни боғлаб, ташаббусни амалга оширишда алоҳида ўрин тутади. Унинг сўзларига кўра, Хитой билан узоқ чегарадош улкан ички давлат бўлган Қозоғистон халқаро аҳамиятга молик транспорт-логистика марказига айланиш учун жиддий саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

“Бугунги кунда Хитойдан Европага қуруқликдаги транзит транспортининг деярли 85 фоизи Қозоғистон ҳудуди орқали ўтади. Транспорт-транзит соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, кейинги 15 йилда ушбу мақсадлар учун 35 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратдик. Ляньюньгандаги Қозоғистон-Хитой логистика маркази, “Қорғас” қуруқ порти, Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой транзит автомобиль йўли, Хитойдан Эронга темир йўл коридори каби йирик инфратузилма лойиҳалари ишга туширилди. Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон Президенти уч йил ичида 1300 километр янги темир йўл қуриш, Хитой билан чегарада учинчи темир йўл ўтказиш пунктини очиш, “Бақти” ва “Қалжат” янги қуруқ портларини қуриш бўйича ўз режаларини тақдим этди. Бу - Қозоғистоннинг йирик иқтисодий лойиҳалари Хитойнинг глобал ташаббуслари билан уйғунлашганини яққол кўрсатади.

Сўнгги хабарлар