Қозоғистон портларида йирик денгиз транспорт-логистика кластери яратилади
AQTAU. Kazinform – 2024-2028 йилларда денгиз инфратузилмасини ривожлантиришнинг комплекс режаси қабул қилинди. Бу ҳақда ҚР Транспорт вазирлиги хабар берди.

Комплекс режа доирасида Манғистаудаги Ақтау ва Қуриқ портлари негизида йирик денгиз транспорти ва логистика кластерини яратиш режалаштирилган. Бу контейнерлар сиғимини оширади ва юк ташиш терминалларини ривожлантириш имконини беради. Шунингдек, маъмурий тўсиқлар ҳам қисқартирилади.

Қуриқ порти — Қозоғистон ва Боку портларини боғловчи денгиз порти. Терминал орқали нефть маҳсулотлари, металл, дон, халқ истеъмоли моллари ва транспорт воситалари ташилади. Жорий йилда йил бошидан буён 700 минг тоннага яқин юк ташилди. Айни пайтда портда Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Денгиз акваториясини чуқурлаштириш ҳам амалга оширилмоқда.

“Ҳозирда денгиз тубини чуқурлаштириш билан шуғулланувчи компания аниқланган. Ян де Нул бу соҳада етакчи ҳисобланади. Бу ишлар июнm ойида бошланиб, портнинг барча акваторияларида ишлар олиб борилади. Бу порт акваториясида қўшимча 5 та тўхташ жойини яратиш имконини беради”, – дейди Қуриқ порти сектори раҳбари Айтқали Нурмағанбетов.
Ақтау денгиз портида эса контейнерлар хаби қурилади. Лойиҳани 2025 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 43 миллиард 462 миллион тенге.

“Контейнерлар хаби қўшма лойиҳадир. Ҳозирда улар Ақтау денгиз савдо порти, Қозоғистоннинг мультимодал логистика компанияси ва Хитойнинг «Ляньюньган» порти томонидан амалга оширилмоқда. Хаб 2025 йилда 92 мингта, 2034 йилда эса 200-300 мингта контейнерни Ақтау денгиз порти орқали қабул қилиш ва жўнатиш имкониятига эга бўлиши режалаштирилган”, – дейди Ақтау денгиз савдо порти етакчи мутахассиси Талғат Нағуманов.
Денгиз сатҳининг пасайиши Ақтау порти ишига тўсқинлик қилади. Шунинг учун бу портда ҳам денгиз тубини чуқурлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шу мақсадда геология-қидирув ишлари олиб борилиб, лойиҳа-смета ҳужжати ишлаб чиқилмоқда.

Портлардаги лойиҳаларнинг асосий қисми хусусий инвестициялар ҳисобига қурилади. Прогнозларга кўра, 2028 йилга бориб портларнинг сиғими 50 фоизга ошади. Ва контейнерларнинг ташиш ҳажми 3 баробар ортади.