Қозоғистон Парламентида 31 нафар аёл бор – Ольга Перепечина
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси ўринбосари Ольга Перепечина Қозоғистон аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглигини таъминлаш соҳасида сезиларли натижаларга эришганини таъкидлади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати маълум қилди.

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси ўринбосари Ольга Перепечина БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси маъмурияти ёрдамчиси ўринбосари ва директор ўринбосари Ник Хартман билан учрашди.
Гендер сиёсатининг миллий модели, қонунчилик базаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми яратилгани айтилди.
“Давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган ижтимоий модернизациянинг асосий йўналишларидан бири Қозоғистонда гендер мувозанатига эришиш, аёлларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратишдан иборат. Сайловларда партиялар рўйхатида, шунингдек, депутатлик мандатларини тақсимлашда қонунчилик даражасида аёллар, ёшлар ва ногиронлар учун 30 фоизлик квота жорий этилди. Бугунги кунда мамлакатнинг олий вакиллик органи бўлмиш Қозоғистон Парламентида 31 нафар аёл бор, бу умумий депутатлар сонининг 21 фоизини ташкил қилади. Улар орасида Сенатнинг 24 фоизи ва Мажлиснинг 19 фоизи аёллардир”, – деди Ольга Перепечина.
Учрашув иштирокчилари инсон салоҳиятини ривожлантириш ва тенг иштирок этиш, самарали институтлар, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, инклюзив иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Парламент аъзоси барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижросини мониторинг қилиш бўйича Парламент комиссияси йиғилишлари ҳақида сўзлади. Унда соғлиқни сақлаш ва таълим сифатини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ник Хартман, ўз навбатида, Қозоғистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни юқори баҳолаб, барча йўналишларда ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга эътибор қаратди.