Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон Европага “яшил” энергия экспорти лойиҳасини яратади
Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон “яшил” энергия экспорти бўйича техник шартлар ва қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида келишиб олди, дея хабар беради Kazinform ҚР Энергетика вазирлигига таяниб.

Тегишли келишувга Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика ва иқтисодиёт вазирларининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида Марказий Осиё давлатларидан Озарбайжон ҳудуди орқали Европага электр энергиясини экспорт қилиш истиқболларини муҳокама қилиш вақтида эришилди.
Йиғилиш якунида идоралар раҳбарлари қўшма коммюникени имзоладилар, унда мамлакатларнинг қайта тикланадиган энергия соҳасидаги салоҳияти ва муқобил манбалардан олинадиган электр энергиясини Европага экспорт қилиш лойиҳасига қўшилишга тайёрлиги қайд этилди.
Иштирокчилар энергия алмашинуви, яшил водород ва яшил аммиакни ўзлаштириш ва экспорт қилиш имкониятлари ҳамда тегишли инфратузилмани қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор қаратган ҳолда ҳамкорлик юзасидан техник топшириқларни ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Ишлаб чиқилган ва тасдиқланган техник шартлар асосида дастлабки техник-иқтисодий асослашни тайёрлаш учун танлов эълон қилинади. Шунингдек, иштирокчилар лойиҳани амалга ошириш учун қўшма корхона ташкил этиш истиқболларини ўрганишга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва энергетика вазирлари даражасидаги навбатдаги йиғилиш Тошкентда бўлиб ўтади.