Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия Туркий давлатларнинг ҳамкорлик кунини нишонламоқда
ASTANA. Kazinform - Бундан 15 йил аввал айнан шу куни Нахичеван шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланган бўлиб, кейинчалик у Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) айлантирилди, деб хабар беради Кazinform агентлиги.
ҚР Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлаганидек, тарихий меъёрлар бўйича нисбатан қисқа йўлда ТДТ ўзини халқаро муносабатларнинг тўлақонли ва нуфузли субъекти сифатида намоён қилишга муваффақ бўлди, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга интилди.
Туркий интеграция транзит ва транспорт масалалари, иқтисод, экология, фан, таълим, санъат, туризм, спортдан тортиб, таъсирчан гуманитар блокгача бўлган кенг кўламли ҳамкорликни қамраб олади.
- Қозоғистон ТДТ ташаббускори ва таъсисчи давлатларидан бири бўлиб, ўз фаолияти доирасида интеграцияни ривожлантирмоқда. «TURKTIME!» шиори остида қабул қилинган, туркий мамлакатларнинг бирлиги ва ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган саккизта устувор йўналишни ўз ичига олган Қозоғистоннинг жорий йилги ТДТга раислиги дастури шундан далолат беради, - дея қўшича қилди ҚР Ташқи ишлар вазирлиги.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти ТДТ мамлакатлари ўртасида соддалаштирилган божхона йўлаги тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида соддалаштирилган божхона коридорини яратиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилади.