Қозоғистон нефть маҳсулотлари экспортини икки баравар оширмоқчи
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон нефтни қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва хом нефть ишлаб чиқариш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ўртасидаги амалдаги нисбатни босқичма-босқич ўзгартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишидан сўнг ҚР Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳозирда мамлакатда йилига қарийб 100 миллион тонна нефть ишлаб чиқарилади ва шундан тахминан 19 миллион тоннаси қайта ишланади. Шу тариқа, ишлаб чиқарилган ҳар беш тонна нефтнинг тахминан бир тоннаси қайта ишланяпти.
“Шу сабабли Қозоғистонда нефтни қайта ишлашни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Умумий қайта ишлаш қувватини йилига 40 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган”, — деди Ерлан Ақкенженов.
Шу муносабат билан у қайта ишлаш қувватларининг оширилиши Қозоғистонга қўшни давлатларга тайёр нефть маҳсулотлари экспортини кўпайтириш имконини беришини таъкидлади.
“Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси минтақада табиий ресурсларга бой давлатлар экани ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун келгусида барча қўшниларимизни юқори сифатли мотор ёқилғиси билан сезиларли ҳажмда таъминлаш вазифасини қўйганмиз. Бунга эришиш учун қайта ишлаш ҳажмини оширишимиз ва мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини кучайтиришимиз зарур”, — деди вазир.
Қайд этиш жоизки, Энергетика вазири жорий йилда мамлакатдаги тўртинчи нефтни қайта ишлаш заводи бўйича аниқ қарор қабул қилинишини маълум қилган эди.