Қозоғистон NCOCдан 150 миллиард доллар товон талаб қиладими – ҚР Энергетика вазирлиги жавоби

Қашаған
Фото: facebook.com/ncoc.kz

ASTANA. Kazinform – ҚР Энергетика вазири маслаҳатчиси Чингиз Илиясов “Қозоғистон Қашаған конини ўзлаштирган нефть компанияларига товон пули миқдорини 150 миллиард долларгача оширди” деган маълумотга изоҳ берди.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги Қашаған конини ўзлаштираётган халқаро нефть гигантларига қўйилган арбитраж даъвоси миқдори 150 миллиард долларга (67,3 триллион тенге) оширилгани ва улар харажатлар бўйича келишмовчиликдан ташқари йўқотилган фойдани қоплашни талаб қилгани ҳақида хабар берган эди.

Ўтган йилнинг баҳорида Қозоғистон Ҳукумати мамлакат ғарбидаги нефть ва газ конларини ўзлаштираётган North Caspian Operating Company N.V. ва Karachaganak Petroleum Operating BV операторларини халқаро судга берди. Давлат компанияларни тендер тартибини бузганликда ва Қашағандаги пудратчининг мажбуриятларини тўлиқ бажармаганликда айблади. Bloomberg агентлиги 5 апрель куни Қозоғистон Ҳукумати ҳамкорларининг Қашаған учун 13 миллиард доллар ва Қарашиғанак учун 3,5 миллиард долларни ушлаб қолганидан норози эканини таъкидлади.

ҚР Энергетика вазирлиги ушбу баҳс юзасидан фикр билдирди.

“NCOC консорциуми билан ҳакамлик даъвоси ҳақидаги эълон қилинган маълумотларга келсак, Қозоғистон Энергетика вазирлиги қуйидагиларни эълон қилади: Шимолий Каспий лойиҳаси бўйича маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим қоидаларига кўра, арбитраж низолари ва даъволари тафсилотлари ошкора этилмайди. Бу алоҳида тижорат низоси бўлиб, томонлар арбитраж тартиб-қоидалари доирасида ҳал қилмоқчи”, – деди Чингиз Илиясов.

2023 йил апрель ойида Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев Қозоғистон халқи манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Қарашиғанақ ва Қашаған конлари операторларига қарши судга даъво қўзғатилганини таъкидлаган эди.

"Маблағлар 3,5 миллиард доллар ва 13 миллиард долларни ташкил этади", – дея тушунтирди Алмасадам Сатқалиев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Каспий денгизидаги “Қашаған”дан нефть қазиб олувчи NCOC компаниясига 12 миллиард 419 миллион тенге жарима солинган эди.

Атроф-муҳитни тартибга солиш ва назорат қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилда экологик инспекция «North Caspian Operating Company» (NCOC) денгиз комплексини текширган. Натижада экологик талаблар меъёрларини бузиш, жумладан, олтингугуртли газни экологик рухсатсиз ёқиш, саноат сувларини Каспий денгизига тозаланмасдан қуйиш каби 5 та маъмурий иш қўзғатилган.

Сўнгги хабарлар