Қозоғистон нафақат Хитой ва Россиядан, балки Европадан ҳам интернет-трафикни жалб қилишдан манфаатдор
Европа Иттифоқи Қозоғистондаги интернет манбаларини диверсификация қилишда иштирок этмоқчи. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги ваколатхонаси ҳамкорлик бўлими раҳбари Йоханнес Баур Марказий Осиёнинг Евроосиё жамғармаси томонидан ташкил этилган йиғилишда маълум қилди, дея хабар беради Кazinform.

“Ҳозирда Қозоғистонга интернет-трафик Россия ва Хитойдан келади. Лойиҳамиз Қозоғистонга Европа сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланиш имкониятини таклиф қилмоқчи. Бу Европанинг SES компаниясининг маҳсулотидир. Масалан, Starlink ерни паст орбитада, SES сунъий йўлдошлари эса оралиқ орбитада айланиб чиқади. Ўрта орбитали сунъий йўлдошлар бутун Қозоғистонни қамраб олиши мумкин. Афзаллик мана шундадир. Ҳатто бутун Марказий Осиёни қамраб олади”, - дейди Йоханнес Баур.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа Европа комиссияси томонидан маъқулланган.
“Биз ушбу лойиҳани 2024 йилда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммитида тақдим қилмоқчимиз. Лойиҳанинг биринчи босқичида Европа Иттифоқи 20 миллион евро ажратади. Лекин бу бутун Марказий Осиёга ажратилган миқдор. Ўйлайманки, бу маблағларнинг катта қисми Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатларига йўналтирилади. Иккинчи ўринда, қайси давлатга қанча маблағ ажратилиши ҳозирча маълум эмас. Лекин бу Европа инвестиция банкининг катта ҳажмдаги кредити бўлади”, — деди Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги ваколатхонаси ҳамкорлик бўлими раҳбари Йоханнес Баур.