Қозоғистон Мўғулистонга сунъий йўлдош экспорт қилади
ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Президентининг Мўғулистонга давлат ташрифи доирасида Ерни масофадан туриб зондлаш тизимини яратиш ва ривожлантиришга қаратилган тарихий сармоявий битим имзоланди.
Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги маълумотларига кўра, лойиҳа Мўғулистон учун сунъий йўлдош яратишни назарда тутади. У умумий Қозоғистон-Мўғулистон сунъий йўлдош туркумининг бир қисмидир. Ҳар бир томоннинг сунъий йўлдошларни мустақил бошқариши Қозоғистон ва Мўғулистонга табиий ресурслар мониторинги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконини беради.
“Таъкидлаш жоизки, бу Қозоғистон тарихида қозоғистонлик муҳандислар томонидан тўлиқ ишлаб чиқилган биринчи экспорт сунъий йўлдоши бўлади. Сунъий йўлдош Мўғулистон эҳтиёжларига мослаштирилган, минтақавий сунъий йўлдош инфратузилмасини мустаҳкамлайди ва Қозоғистоннинг космик технологиялар соҳасида ўсиб бораётган салоҳиятини намойиш этади”, — деди ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев.
Масофавий зондлаш технологиялари ҳар икки давлатга ер ҳолатини янада самаралироқ кузатиш, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳитдаги ўзгаришларни таҳлил қилиш имконини беради. Қозоғистон ва Мўғулистон ўзларининг техник ваколатларини бирлаштириб, жорий иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган воситаларни ишлаб чиқадилар.
Лойиҳа Қозоғистон Миллий космик маркази негизида Мўғулистон муҳандислари иштирокида амалга оширилади. Лойиҳа давомида қозоғистонлик мутахассислар мўғулистонлик ҳамкасбларини ўқитиш вазифасини ўз зиммаларига оладилар ва зарур билимлар билан таъминлаш ва касбий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшадилар. Бундай ўзаро ҳамкорлик Мўғулистон муҳандислари малакасини ошириб, икки давлат ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорликни чуқурлаштиради.
Ушбу лойиҳа Қозоғистон ва Мўғулистоннинг илғор технологияларни ривожлантириш истагини ифодалайди ва космик ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш соҳасида ҳамкорликнинг янги истиқболларини очади.