Қозоғистон Moody’s шкаласи бўйича мамлакат тарихидаги энг юқори рейтингга эга бўлди

Moody’s халқаро рейтинг агентлиги
Фото: primeminister.kz

ASTANА. Кazinform — Moody’s халқаро рейтинг агентлиги Қозоғистоннинг суверен рейтингини Ваа2 дан Ваа1 га кўтарди, прогноз - “барқарор”. Берилган рейтинг мамлакат мустақиллик йилларида эришган энг юқори кўрсаткичдир.

Қозоғистоннинг кредит рейтингининг ошиши иқтисодиётни диверсификация қилишнинг барқарор суръатлари билан бирга институционал ва сиёсий муҳитнинг доимий яхшиланиши билан боғлиқ.

Бу омиллар иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва кредит барқарорлигини юқори рейтингга эга мамлакатлар даражасига кўтаришга ёрдам беради.

Агентлик давлат бошқаруви ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ютуқларни қайд этди.

Мутахассисларнинг фикрича, амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсий барқарорлик, фуқаролик фаоллиги ва коррупцияга қарши курашнинг шаффофлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Moody’s Қозоғистоннинг қарздорликнинг паст даражаси ва уни тўлаш қобилиятининг юқорилиги билан ажралиб турадиган ишончли молиявий кўрсаткичларига, шунингдек, ҳукуматнинг бюджет тақчиллигини ЯИМнинг 2,5-3 фоизи даражасида ушлаб туриш бўйича оқилона сиёсатига эътибор қаратди.

Янги ислоҳотлар, жумладан, янги Бюджет ва Солиқ кодексларини жорий этиш бюджет сиёсати, молиявий ҳисоботлар ва солиқ тушумлари самарадорлигини ошириши керак.

Ҳисоботда экспертлар Қозоғистон иқтисодиёти тузилмасида нонефть сектори улуши ортиб бораётганини таъкидладилар, бу эса мамлакатнинг углеводородларга қарамлигини камайтиради ва нефть нархи ва ишлаб чиқариш даражасининг ўзгариши билан боғлиқ хавфларни камайтиради.

Moody’s экспертлари ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва инвестицияларни жалб қилиш, қулай бизнес экотизимини яратиш ва бюрократик тўсиқларни камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар асосида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолади. Миллий инфратузилма инвестиция платформасининг ишга туширилиши маъмурий жараёнларни тезлаштиришга ёрдам беради.

Moody’s экспертлари Қозоғистон иқтисодиётининг бошқа углеводород ишлаб чиқарувчи мамлакатларга нисбатан кучлироқ истиқболларини қайд этди. Агентликнинг қайд этишича, амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Moody’s экспертларининг фикрича, Транскаспий халқаро савдо йўли (Ўрта коридор) бўйлаб юк транзити соҳасидаги фаолликнинг жадал ўсиши ҳисобига транспорт-логистика секторини ривожлантириш ўсиш ва диверсификациянинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда.

“Ўрта коридор”нинг келажаги хорижий инвесторларни мамлакат иқтисодиётининг турли нонефть тармоқларига, жумладан, автомобилсозлик, фармацевтика, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноатига жалб қилиш имконини беради.

Қозоғистоннинг кредит рейтингини ошириш иқтисодий ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилмоқда.

Бу капитал бозорларидан инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш шароитларига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Сўнгги хабарлар
telegram