Қозоғистон мис ишлаб чиқарувчи етакчи давлатлар ўнталигига кира олади — Тоқаев
ASTANA. Kazinform — Президент кўплаб фойдали қазилмаларга эга давлат сифатида Қозоғистон ушбу табиий ресурслардан самарали фойдаланиш учун барча куч-ғайратини сафарбар этаётганига эътибор қаратди.
Мамлакатда 9,5 мингдан ортиқ кон мавжуд. Қозоғистонда йилига тахминан 160 миллион тонна руда қазиб олинади. Шунингдек, қарийб 3,5 миллион тонна мис концентрати ишлаб чиқарилади.
“Умуман олганда, мамлакатимизда қайта ишлаш саноатининг ривожланиш суръатлари яхши, деб айтиш мумкин. Ўтган йили қайта ишлаш соҳасидаги умумий маҳсулот ҳажми 60 миллиард долларга етди. Сўнгги уч йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 540 та саноат лойиҳаси ишга туширилди. Бунинг натижасида 50 мингта доимий иш ўрни яратилди. Бугун ҳаммамиз яна бир ишлаб чиқариш корхонасининг иш бошлашига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу — мамлакат иқтисодиётига янги суръат бағишлайдиган муҳим воқеа. Янги корхона йилига 300 минг тонна катод мис ишлаб чиқаради. Бу ички бозор талабини тўлиқ қондириш учун етарли. Ушбу завод ишга туширилгандан сўнг Қозоғистон юқори сифатли тозаланган мис ишлаб чиқарувчи етакчи давлатларнинг ўнталигига кириши мумкин. Бундан ташқари, мазкур корхонада олтин ва сульфат кислотаси ҳам ишлаб чиқарилади. Қисқача айтганда, ушбу йирик лойиҳа мамлакатимиз металлургия саноати ривожига салмоқли ҳисса қўшиши шубҳасиз”, — деди Давлат раҳбари.
Президент корхона акциядорлари олдида жуда муҳим вазифалар турганини таъкидлади.
“Айниқса, ишчиларнинг қонуний ижтимоий эҳтиёжларини таъминлаш зарур. «Халқ овозига қулоқ тутадиган давлат» тамойилининг асосий мазмуни ҳам шундан иборат. Ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият вакиллари меҳнат жамоалари билан яқин алоқа ўрнатиб, фаол иш олиб боришлари керак. Бу ишлар «Қонун ва тартиб» концепциясига мувофиқ амалга оширилиши лозим”, — деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Қасим-Жомарт Тоқаев Ақтоғай мис эритиш заводи қурилишига старт бериш маросимида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.