Қозоғистон-Қирғизистон ҳукуматлари вакиллари 65 млн долларлик келишувларни имзолади

Қозоғистон-Қирғизистон ҳукуматлари вакиллари 65 млн долларлик келишувларни имзолади
Фото: Жамбил вилояти ҳокими матбуот хизмати

Жамбил вилоятида ўтказилган Қозоғистон ва Қирғизистон минтақалараро ҳамкорлик форуми қозоқ-қирғиз бизнес мулоқоти билан бошланди. Унда томонлар ҳудудларнинг сармоявий ва экспорт имкониятларини, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, дея хабар беради Kazinform.

ҚР Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Торебаев иштирокчиларга йўллаган табрик сўзида Қозоғистон ва Қирғизистон яқин қардош давлатлар, Марказий Осиё минтақаси ривожига катта таъсир кўрсатаётган савдо-иқтисодий йўналишдаги асосий ҳамкорлар эканини таъкидлади.

-Бугунги кунда ўзаро товар айирбошлашнинг жадал ривожланиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг етти ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,7 фоизга ошиб, 755,4 миллион долларни ташкил этди. Қозоғистондан Қирғизистонга экспорт 2023 йил январь-июль ойларида 17,5 фоизга ошиб, 469,7 миллион долларга етди. Импорт эса ўз навбатида 5,6 фоизга ошиб, 285,6 миллион долларни ташкил этди. Эндиликда икки давлат олдига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифаси турибди”, - деди вазир ўринбосари.

Ушбу кўрсаткичга эришиш учун икки мамлакат ҳукуматлари бизнес вакиллари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, зарур ёрдам кўрсатиш, музокаралар олиб боришга тайёр.

Қайрат Торебаев қирғизистонлик ишбилармонларни Қозоғистонда ишлаб чиқариш очишга таклиф қилди, бунинг учун мамлакатимиз ҳудудларида барча шароитлар яратилмоқда.

-Қозоғистон ҳудудида экспортга йўналтирилган қўшма ишлаб чиқаришларни амалга ошириш учун махсус иқтисодий зоналар билан бир қаторда барча зарур база ва преференциялар тизими яратилди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ихтисослиги бор ва ўз имтиёзларини тақдим этишга тайёр”, - деди вазир ўринбосари.

Сўнгра Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Қанатбек Абдирахманов сўз олиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Иккинчи сессияни ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ербол Тасжуреков ва Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги реал сектор бошқармаси бошлиғи Бектур Мирзабековлар очди.

-Қозоғистон-Қирғизистон муносабатлари юксак ишонч ва ўзаро англашув даражаси билан ажралиб туради. Икки томонлама муносабатлар барқарор, прогрессив ва конструктив, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича идоралараро меморандум имзолангани давлатларнинг кўп томонлама муносабатларига қўшимча суръат бағишламоқда.

Асосий устувор йўналишлар қаторида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдоси ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 7 ойи якунлари бўйича бу кўрсаткич 23 фоизга ошди”, - деди Ербол Тасжуреков.

Ўзаро ишбилармонлик мулоқотлари натижасида Қозоғистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси корхоналари ўртасида умумий қиймати 65 миллион АҚШ долларига тенг 10 та шартнома имзоланди.

Шу куни Тараз шаҳридаги Дўстлик уйида икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари B2B форматида музокаралар ўтказди.

Шунингдек, меҳмонлар ҳунармандлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмаларини томоша қилди.

Эслатиб ўтамиз, форум доирасидаги тадбирлар икки кунга мўлжалланган.

Сўнгги хабарлар