Қозоғистон Қирғизистон билан товар айланмасини 2 миллиард долларга етказмоқчи
Музокаралар чоғида савдо ва сармоявий, транзит ва транспорт, шунингдек, сув-энергетика балансидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Алихан Смаилов икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилган 30 йил давомида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро англашув шаклланганини таъкидлади.
Ўзаро савдо масаласини муҳокама қилар экан, Бош вазир товар турларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Савдо-иқтисод соҳасида эришилган асосий ютуқ ўзаро товар айланмасининг ошиши ва белгиланган 1 миллиард долларга етиши бўлди. Янги вазифа – товар айланмасини 2 миллиард долларга етказиш.
«Бизда савдо ҳажмини ошириш салоҳиятига эга 190 та маҳсулот бўйича таклифлар бор. «Қорасу-Ақтилек» назорат-ўтказиш пункти яқинида саноат савдо-логистика мажмуасини яратиш лойиҳасини амалга оширишни тезлаштиришимиз керак, – деди А. Смаилов.
Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҚР Вазирлар Кабинети раҳбари бу борадаги масалалар тизимли равишда ҳал этилаётганини таъкидлади.
Д. Дюшекеев, ўз навбатида, Қирғизистон томони Қозоғистондан тўғридан-тўғри сармоя жалб этишдан манфаатдор эканини айтди.
«Биз сармоявий ва савдо сиёсатини такомиллаштириш устида фаол ишлаяпмиз. Бизнес юритиш, тадбиркорлар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қулай шароитлар яратилган», - деди Қирғизистоннинг Қозоғистондаги Элчиси.
Шунингдек, Д. Дюшекеев умумий манфаатлар учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклиф билан чиқди. Ушбу қарордан кўзланган мақсад – ташқи бозорлардаги беқарорлик шароитида озиқ-овқат хавфсизлиги хавфини камайтириш бўйича қўшма сиёсат ишлаб чиқиш.
Учрашув якунлари бўйича томонлар кўтарилган барча масалалар бўйича муросага келишга тайёр эканликларини билдирдилар.