Қозоғистон КХШТга раис бўлди
Қозоғистон 2024 йил 1 январдан КХШТга раислик қилади, деб хабар беради Kazinform.
Ўтган йилнинг 23 ноябрь куни Минскда бўлиб ўтган КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги сессиясида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 2024 йил 1 январдан бошлаб КХШТга раислик қилиш вазифаси Қозоғистон Республикасига ўтказилишини маълум қилган эди.
Шу муносабат билан Давлат раҳбари Қозоғистон раислиги даврида Ташкилот фаолиятида алоҳида эътибор талаб қиладиган қатор устувор йўналишларни таклиф қилди.
Президент томонидан таклиф этилган устувор йўналишлар:
— КХШТ хавфсизлигини таъминлаш соҳасида манфаатдор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
— ҳарбий ҳамкорлик масалалари бўйича мулоқот;
— халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш;
— гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш;
— ноқонуний қурол савдоси ва трансмиллий уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашиш;
— фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш;
— ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашни фаоллаштириш.