Қозоғистон Италияга буғдой етказиб берувчи асосий давлатлардан бири – ҚР Президенти
RIM. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Италияга расмий ташрифи доирасида Bonifiche Ferraresi компанияси бош директори Федерико Веккьонини қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Қ.Тоқаев ва Ф.Веккьони Қозоғистон аграр секторида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Қозоғистон Республикаси Президенти мамлакат буғдой етиштириш бўйича етакчи давлатлардан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Италияга буғдой етказиб берувчи асосий давлатлардан бири бўлиб, мамлакатда донни қайта ишлаш улушини оширишни режалаштирмоқда.

Ўз навбатида, Федерико Веккьони компаниянинг Италия технологияларидан фойдаланган ҳолда Қозоғистонда дон экинлари етиштириш ва маҳсулотни янада чуқур қайта ишлаш, шунингдек, мутахассисларни тайёрлаш ва технологиялар трансфери бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режаси ҳақида гапирди.
Давлат раҳбари ҚР Ҳукумати компанияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, Италия компанияси интенсив боғдорчилик ва уруғчиликни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.