Қозоғистон илк бор ИКАОнинг Авиация хавфсизлиги ҳафталигини ўтказади
ASTANA. Kazinform — 2026 йил 20-22 октябрь кунлари Астана шаҳрида Транспорт вазирлиги кўмагида ИКАОнинг Авиация хавфсизлиги ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу ҳақда ҚР Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Ушбу тадбир - авиация хавфсизлиги ва киберхавфсизлик соҳасидаги асосий халқаро анжуманлардан бири ҳисобланади. Қозоғистон илк бор дунёнинг турли бурчакларидан давлатларнинг авиация органлари ва авиация соҳаси вакилларини бир жойга тўплайдиган глобал форумга мезбонлик қилади.
Қозоғистон авиация хавфсизлиги кўрсаткичи бўйича (95,7 фоиз) дунёнинг ТОП-20 мамлакати қаторига киради ва айни пайтда ушбу кўрсаткич бўйича Марказий Осиё минтақасида етакчилик қилмоқда.
“ИКАОнинг Хавфсизлик ҳафталигида иштирок этиш учун ташкилот бош котиби Хуан Карлос Саласар Қозоғистонга илк бор расмий ташриф билан келади. Тадбирда, шунингдек, Бразилия, Венгрия, Италия, Канада, Бирлашган Араб Амирликлари, Португалия, АҚШ, Таиланд, Франция, Эфиопия ва бошқа давлатларнинг юқори мартабали вакиллари, шунингдек, БМТ, AFCAC, LACAC, IATA, ECAC ва GEA каби йирик халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади”, — дейилади хабарда.
ИКАОнинг 2026 йилги Хавфсизлик ҳафталиги доирасида иштирокчилар рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг ривожланиши, киберхавфларнинг ортиши, учувчисиз ҳаво кемаларининг кенг тарқалиши, шунингдек, қуролли можаролар ва геосиёсий беқарорлик оқибатлари билан боғлиқ хатарларни бошқаришнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қиладилар. Инновациялар ва янги технологиялар, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда авиация хавфсизлиги тизимларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Хавфсизлик ҳафталиги давомида Астана авиация хавфсизлигининг долзарб масалалари бўйича халқаро мулоқот майдонига айланади. Тадбирнинг кўлами ва унда иштирок этадиган вакилларнинг юқори даражаси унинг жаҳон авиация соҳаси учун алоҳида аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Шунингдек, ушбу тадбир Қозоғистоннинг глобал авиация ҳамжамиятининг фаол иштирокчиси сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлайди ва мамлакатнинг фуқаро авиацияси хавфсизлигини таъминлашнинг келажакдаги ёндашувларини шакллантиришга қўшаётган ҳиссасини оширади.
Авиация хавфсизлиги ҳафталиги (Aviation Security Week) 2001 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Ушбу ташаббус ИКАО кўмагида глобал миқёсда, шунингдек, АҚШ, Канада, Австралия, Ҳиндистон, Африка мамлакатлари, Умон ва бошқа давлатларда миллий даражада амалга оширилади.