Қозоғистон ИКАОда Доимий ваколатхонасини очди
ASTANА. Кazinform – 2024 йил 26 август куни Монреаль шаҳрида (Канада) Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири Марат Қарабаев, ИКАО Кенгаши Президенти, ИКАО Бош котиби ва ИКАОга аъзо мамлакатлар авиация маъмуриятлари раҳбарлари иштирокида Қозоғистон Республикасининг ИКАО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси очилди.
ИКАО (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган агентлиги. Унга 193 та давлат киради. Ташкилот фуқаро авиациясининг халқаро стандартларини белгилайди ва парвозлар хавфсизлигини ошириш доирасида ишлайди. Қозоғистон Марказий Осиёда ИКАОда Доимий ваколатхонасига эга биринчи давлатдир. Мамлакатнинг ИКАОда Доимий ваколатхонасига эга бўлиши фуқаро авиацияси соҳасини янада ривожлантириш ва парвозлар хавфсизлигини тегишли даражада таъминлаш мақсадида ташкилот билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
2024 йилнинг 25-28 август кунлари Транспорт вазири Марат Қарабаев Монреалда бўлиб ўтадиган ИКАО 14-Аэронавтика конференциясида (AN-Conf/14) иштирок этади. Конференция ИКАОга аъзо 193 та давлат учун аэронавигация ва парвозлар хавфсизлиги соҳасида юқори даражадаги тавсиялар тўпламини келишиб олишга замин яратадиган батафсил техник муҳокамалар учун имконият яратди.
ИКАО конференцияси доирасида транспорт вазири Марат Қарабаев ИКАО кенгаши президенти Сальваторе Шаккитано ва ИКАО Бош котиби Хуан Карлос Салазар билан учрашди. Учрашувда ИКАО раҳбарияти Қозоғистоннинг ташкилотда Доимий ваколатхонасини очиш тўғрисидаги қарорини юқори баҳолади ва мамлакат бундан буён ҳам парвозлар хавфсизлиги ва авиация хавфсизлиги даражасини ошириш соҳасида фаол иш олиб боришига ишонч билдирди. ИКАО раҳбарияти билан учрашув якунлари бўйича бошқарув хизматларини кўрсатиш юзасидан келишув имзоланди.