Қозоғистон Ҳукумати Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида - Алихан Смаилов
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова билан учрашди, деб хабар беради Kazinform.

ҚР Ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда томонлар иқтисодиётни ривожлантириш, рақамлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Ҳукумат раҳбари 30 йиллик ҳамкорлик даврида мамлакатда умумий қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ бўлган 48 та қўшма лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганини таъкидлади. Бугунги кунда 6 та лойиҳа фаол амалга оширилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Жаҳон банки билан ҳамкорлик Қозоғистонда инклюзив ва барқарор ривожланишга эришиш учун амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бунинг яққол мисоли 20 йилдан ортиқ вақтдан буён муваффақиятли амалга оширилаётган Иқтисодий тадқиқотлар бўйича қўшма дастурдир.
“Қозоғистон Ҳукумати Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида”, - деди Алихан Смаилов.
Ўз навбатида, Татьяна Проскурякова Ташкилот Қозоғистонда янги лойиҳаларни тайёрлашни фаоллаштирганини, бунга ўтган йилнинг август ойида бўлиб ўтган музокаралар таъсир қилганини таъкидлади. Ҳукуматнинг олис аҳоли яшаш пунктларини интернет тармоғига улаш дастури шулар жумласидандир.