13:47, 17 Август 2023 | GMT +5
Қозоғистон Хитойга қанча дон экспорт қилади
ASTANA. Kazinform – 2023 йилнинг олти ойида Қозоғистон Хитойга 100 минг тоннадан ортиқ дон экспорт қилди. Бу ҳақда ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Жорий йилда Хитой томони билан Қозоғистон донини Алашанқай станциясига «кунига битта темир йўл таркиби» схемаси бўйича экспорт қилишга келишувга эришилди (коронавирус пандемияси сабабли уч йиллик тақиқдан кейин). Ушбу чора-тадбирлар туфайли Қозоғистон экспортчилари Хитойга дон экспортини қайта йўлга қўйди. Шундай қилиб, 2023 йилнинг биринчи ярмида «кунига битта темир йўл таркиби» схемаси бўйича Хитойга 100 минг тоннадан ортиқ маҳаллий буғдой экспорт қилинди», – дейилади вазирлик хабарида.
Маълумотларига кўра, айни пайтда кунига иккита темир йўл поезди жўнатиш бўйича келишув тузилган.
«Бу дон экспорти ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Шунингдек, Хитой тарафи Қозоғистон донини қабул қилувчилар сонини кўпайтириш бўйича музокаралар олиб боряпти. Бу ХХРга Қозоғистон донини етказиб бериш ҳажмини оширишга хизмат қилади», – дея аниқлик киритди вазирлик.
Муаллиф: Марлан Жиембай