Қозоғистон-Хитой муносабатлари жадал ривожланмоқда – Қасим-Жомарт Тоқаев

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашди, деб хабар беради Каzinform агентлиги Ақордага таяниб.

Қозоғистон-Хитой муносабатлари жадал ривожланмоқда – Қасим-Жомарт Тоқаев
Фото: Ақорда

Учрашувда Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Қасим-Жомарт Тоқаев ва ХХР Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги олдинги учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Қозоғистон Президенти Хитойнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини катта қизиқиш билан кузатаётганини таъкидлади.

“Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати дунёда беқарорлик ҳукм сураётган ҳозирги даврда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш билан боғлиқ муҳим масалани самарали ҳал қилмоқда. Биз Хитойнинг жаҳон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига қўшган салмоқли ҳиссасини юксак қадрлаймиз. Қозоғистон Хитой билан дўстона қўшничилик муносабатлари ва ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга доимо катта аҳамият беради. Қозоғистон ХХРнинг ишончли стратегик ҳамкори ва дўстона қўшнисига айланди ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолади. Бугунги кунда Қозоғистон-Хитой муносабатлари жадал ривожланмоқда. Бунга юқори даражадаги фаол сиёсий мулоқот, икки мамлакат ҳукуматларининг уйғун фаолияти хизмат қилмоқда”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари бугун ХХР Раиси Си Цзиньпин билан муваффақиятли музокаралар ўтказганини таъкидлади. Кўп томонлама Қозоғистон-Хитой муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

“Ташрифим доирасида бугун Ҳукумат даражасида 9 та ҳужжат, икки давлатнинг бизнес ва бошқа тузилмалари билан 20 дан ортиқ шартнома имзоланди. Хитойда Қозоғистон туризми йили доирасида визасиз режим ва Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш бўйича келишувлар, шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимиз муҳимлигини алоҳида таъкидламоқчиман”, – деди Президент.

Сўнгги хабарлар