Қозоғистон-Хитой муносабатлари тараққиётнинг янги олтин даврига кирди – Тоқаев
ASTANА. Кazinform - Қозоғистон-Хитой муносабатлари ривожланишнинг янги олтин даврига кирди. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада мамлакатда давлат ташрифи билан бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан кенгайтирилган таркибдаги музокаралар чоғида айтиб ўтди.
“Сиз билан пойтахтимиз – Астанада учрашганимдан жуда хурсандман. Сиз бугун давлат ташрифи билан мамлакатимизга келдингиз. Мен жуда миннатдорман. Аввало, бу Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги абадий ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг яққол ифодаси, деб ҳисоблайман. Қозоғистон мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона қўшничилик ва кўп асрлик дўстликни мустаҳкамлашга катта аҳамият беради. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бошқаларга ўрнак бўладиган, турли йўналишларни ўз ичига олган давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйдик. Айтиш мумкинки, икки томонлама муносабатларимиз тараққиётнинг янги олтин даврига кирди”, — деди Қозоғистон Президенти.
Давлат раҳбари мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётга, халқлар фаровонлигини юксалтиришга катта хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
“Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 41 миллиард доллардан ошди. Бу - рекорд кўрсаткич. Айни пайтда 45 қўшма инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг умумий қиймати 14,5 миллиард долларни ташкил қилади. Лойиҳалар саноат, энергетика, транспорт, транзит, яшил иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни қамраб олади. Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам жонланди. Жаноб Раис! Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу ютуқларнинг барчаси Сизнинг шахсий ёрдамингиз туфайли муваффақиятли амалга оширилди”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.