Қозоғистон-Ҳиндистон: 10 та янги йўналишда тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Россия билан ҳаво қатновларини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, Европа мамлакатларига янги авиайўналишларни очиш режалаштирилган.

Орал – Алматы ұшағында жолаушыға жәрдем берген дәрігердің кім екені анықталды
Фото: Көлік министрлігі

Бу ҳақда ИКАОнинг Авиация хавфсизлиги ҳафталигида транспорт вазири ўринбосари Талғат Ластаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, келгуси йилларда мамлакатдаги халқаро авиайўналишлар сонини 160 тага етказиш режалаштирилмоқда.

Ҳиндистон - Қозоғистонга яқин жойлашган ва жадал ривожланаётган йирик бозорлардан бири. Қозоғистон ушбу мамлакатнинг 10 та шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни мақсад қилган.

Хитойга амалга ошириладиган авиақатновлар сонини ҳам 30 тага етказиш режалаштирилмоқда.

“Туркия ва Россия билан ҳаво қатновларини кенгайтириш транзит ташувларини ривожлантириш имконини беради. Россия билан ҳаво қатновларини ривожлантиришга қаратилган «500+» дастури мавжуд. У асосан аҳолиси 500 минг нафардан ортиқ бўлган чегарадош шаҳарлар билан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга қаратилган. Бу йўналишлар бўйича аниқ режаларимиз бор”, — деди Талғат Ластаев.

Бундан ташқари, Европа мамлакатларига ҳам янги авиайўналишлар очилади.

“Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади. Қозоғистон ҳар йили бир нечта янги авиақатновни йўлга қўйишни режалаштирмоқда”, — деди у.