Қозоғистон халқаро ташкилотларни Ғазо секторидаги вазиятга аралашишга чақиради – ҚР ТИВ раҳбари
ҚР Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу шанба куни Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси (АДЛ) ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) навбатдан ташқари қўшма саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Kazinform Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар бермоқда.
Саммитда сoзга чиққан Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Қозоғистон БМТ Бош Ассамблеясининг 27 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари махсус сессиясида Иордания Ҳошимийлар Қироллиги таклиф қилган ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияга овоз берганини маълум қилди.
Ўз навбатида, тинч аҳоли, жумладан, кўплаб болалар, аёллар ва қариялар урушнинг бегуноҳ қурбонлари бўлганини таъкидлади. Бош вазир ўринбосари-Ташқи ишлар вазирининг айтишича, Ғазо секторидаги аёллар, болалар ва қариялар хавфсизлиги биринчи навбатдаги масала бўлиб қолмоқда. Мурат Нуртилеу, шунингдек, исроиллик ҳамкасби, Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коэн билан яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотга тўхталиб, музокаралар чоғида ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва тинч йўл билан ечим топиш зарурлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Мисрнинг тинч аҳолига тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш йўлакларини ажратиш ҳақидаги қарорини маъқуллайди. Қозоғистон қардош Фаластин халқи учун бир миллион доллар хайрия қилди ва қўшимча гуманитар ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ҳозирда Ғазо секторида бўлган Қозоғистоннинг 150 дан ортиқ фуқароси, жумладан, аёллар ва болалар Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали чиқа олмаслигидан хавотир билдирди.
“Фурсатдан фойдаланиб, Миср ва барча манфаатдор томонларни, Қозоғистон фуқаролари, уларнинг оила аъзолари ва бошқа хорижликларни Ғазо секторидан тўлиқ эвакуация қилишга чақираман. Биз бу фуқароларни Рафаҳдан ўтишга рухсат берилгандан сўнг дарҳол Қозоғистонга эвакуация қилиш чораларини кўрдик”, — деди М.Нуртилеу.
“Қозоғистон барча халқаро ва гуманитар ташкилотларни Ғазо секторидаги ҳозирги ўта оғир вазиятга аралашишга чақиради. Шу мақсадда Ғазо сектори аҳолиси учун Фавқулодда гуманитар озиқ-овқат дастурини амалга ошириш учун Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотининг мавжуд механизмидан фойдаланишни тавсия қиламиз”, — деди Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири саммитдаги нутқида.
Шунингдек, у ИҲТга аъзо давлатлар ушбу институтдан ривожланаётган гуманитар офатни юмшатиш ва жабрланган ҳудудлардаги вазиятни юмшатиш учун фойдаланиши мумкинлигини айтди.
Қозоғистон Бош вазир ўринбосари-Ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, жаҳон етакчилари ва ИҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар ўз саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш ва низолашаётган томонларни нафақат Яқин Шарқ, балки бутун дунёда барқарорлик ва хавфсизлик учун музокаралар столига ўтказиш вақти келди.
“Умманинг моҳияти - бирлик, умумий қадриятлар жамоаси. Бундай қийин пайтларда бегуноҳ ҳаётни ҳимоя қилиш ва зўравонликни тўхтатиш учун бирлашиш ИҲТ давлатлари сифатида бизнинг бурчимиздир”, - деди у.
Мурат Нуртилеу нутқ сўнгида Қозоғистон Яқин Шарқда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш бўйича ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.