Қозоғистон – Франция бозорига нефть етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади

Қозоғистон – Франция бозорига нефть етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади
Фото: Ақорда матбуот хизмати

Кооперацияни ривожлантиришда энергетика соҳасининг салоҳияти катта. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистон – Франция бозорига хом нефть етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади, деб хабар беради Каzinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Мамлакат экспорт ҳажмини оширишга тайёр. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, нефть ва газ захираларини геологик ўрганиш, уран экспорти, шамол, қуёш ва гидроэнергетика соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд.

“Қозоғистон уран қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради ва Европа истеъмол қиладиган ядро ёқилғисининг чорак қисмидан кўпроғини таъминлайди. Атом энергетикаси Франция энергетика секторининг 63 фоизини ташкил қилади. Бу борада ҳамкорликни янада кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эгамиз. Келажакда нол углерод чиқиндиларига эришишдан манфаатдорлигимиз мос келади. Франция сингари Қозоғистон ҳам ўз минтақасида бу соҳада етакчи ҳисобланади. Қайта тикланадиган энергия манбаларига келсак, Қозоғистонга шамол, қуёш ва гидроэнергетика соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун кўплаб йирик халқаро компаниялар келмоқда. Франциянинг Total Energies компаниясининг умумий қуввати 1 ГВт бўлган шамол электр станцияси паркини барпо этиш мақсадида 1,3 миллиард доллар сармоя киритиш нияти бунинг ёрқин далилидир. “Яшил” водород майдони ҳам катта имкониятларга эга. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, Қозоғистон етакчи экспортчилар ўнлигига кириши мумкин. Биз ҳаётий муҳим ишлаб чиқариш, технология ва эксперт билимлари алмашинуви йўналишидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятидамиз”, – деди Қозоғистон Президенти.

Сўнгги хабарлар
telegram