Қозоғистон Фаластинга 1 миллион доллар инсонпарварлик ёрдами жўнатди
Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Қозоғистон Фаластин халқига инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.
“Ғазо секторидаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда Қозоғистон Фаластин халқига 1 миллион АҚШ доллари миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатишга қарор қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида айтган эди. Қозоғистон Ҳукумати томонидан ажратилган маблағ БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига ўтказилди”, — деди Айбек Смадияров вазирликда ўтказилган матбуот анжуманида.
Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг сўзларига кўра, инсонпарварлик хизмати Қозоғистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади.
“Тинчликпарвар сиёсат ва адолат тамойилларига содиқ қолган Қозоғистон ҳар доим фавқулодда вазиятларда бўлган давлатларни қўллаб-қувватлашга интилади”, — дея қўшимча қилди А. Смадияров.