Қозоғистон Евроосиёнинг етакчи логистика марказига айланиши керак
ASTANA. Kazinform — Мамлакатимиз халқаро юк оқимларини тўлақонли ташкил этувчи мақомига ўтиши зарур. Бу ҳақда Қурултой йиғилишида «Янги тарихий даврдаги Қозоғистоннинг долзарб вазифалари» номли Мурожаатномасини эълон қилаётган Президент Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.
“Жаҳон логистикаси кенг кўламли трансформация ва жадал ривожланиш босқичига қадам қўйди. Денгиз йўлларининг заиф жиҳатлари қуруқликдаги транспорт йўлакларининг стратегик аҳамиятини оширди. Қозоғистон ушбу тарихий имкониятдан фойдаланиб, Евроосиёнинг етакчи логистика марказига айланиши керак. Ҳозирнинг ўзида Хитойдан Европа қитъасига йўналтирилган юк ташиш ҳажмининг қарийб 85 фоизи мамлакатимиз ҳудуди орқали ўтади”, — деди Президент.
Бироқ Давлат раҳбарининг фикрича, ҳозирги қулай вазиятдан қониқиш келажакда рақобатчилардан ортда қолишга олиб келиши мумкин.
“Ҳозирдан бошлаб халқаро юк оқимларини тўлақонли ташкил этувчи мақомига ўтишимиз зарур. Маҳаллий логистика операторларини ривожлантиришга, юкларни жамлаш ва тақсимлаш марказларини ташкил этишга алоҳида устувор аҳамият қаратилиши лозим. Шунингдек, транспорт тугунлари атрофида янги ишлаб чиқариш корхоналари ва савдо майдонларини шакллантириш муҳим”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.