Қозоғистон-Эрон: икки давлат ўртасидаги агросаноат маҳсулотлари айланмаси 25 фоизга ошди
ASTANА. Kazinform - Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Алмати шаҳрида бўлиб ўтаётган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши доирасида Эрон Ислом Республикаси биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф билан учрашди.

Савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, сармоявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида томонлар Эрон Ислом Республикасининг ўтган йилнинг декабрь ойида Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомига эга бўлиши икки томонлама муносабатларнинг барча соҳаларда ривожланишига хизмат қилишини таъкидладилар. Эрон Қозоғистоннинг Каспий минтақасидаги дўстона қўшнисидир. Ўтган йилнинг 11 ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,1 фоизга ўсиб, қарийб 300 миллион долларни ташкил этди.
Қозоғистон томони умумий қиймати 132 миллион доллардан ортиқ бўлган 60 турдаги товарларни диверсификация қилиш, экспорт ҳажмини ошириш ва кўламини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. Хусусан, жорий йилда мамлакатда 26 миллион тоннадан ортиқ ғалла етиштирилди. Маҳаллий экспортчилар Эрон бозорининг ғалла маҳсулотлари, жумладан, буғдой, арпа ва мойли ўсимликларга бўлган талабини қондиришга тайёр. Умуман олганда, ўтган йилнинг 11 ойида Қозоғистон ва Эрон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмаси 25 фоизга ошиб, 186 миллион долларга етди.
“Шимол-Жануб” халқаро йўлаги доирасида юк ташиш ҳажмини ошириш, транзит имкониятларини кенгайтириш, инфратузилмани ривожлантириш мақсадида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон (Ақтау, Қуриқ) ва Эрон (Анзали, Амиробод) портлари терминалларини модернизация қилиш истиқболлари масалалари кўриб чиқилди.
“Бизнинг асосий мақсадимиз — икки давлат раҳбарлари томонидан белгиланган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш ва Қозоғистон-Эрон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш. Савдо-иқтисодий ҳамкорлигимиз юксак салоҳиятга эга ва уни янада ривожлантириш учун имкониятларимиз етарли. Ўзаро ҳурмат ва дўстлик доирасида ўтказилаётган бугунги музокаралар икки давлат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради, деб ўйлайман”, – деди Олжас Бектенов.
“Мамлакатларимиз географик ва ҳудудий жиҳатдан бир-бирига боғланган. Мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида конструктив сиёсий мулоқот ўрнатилди. Икки давлат раҳбарлари ҳукуматлар олдига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди. Ўз навбатида биз икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилишга тайёрмиз”, — деди Муҳаммад Ризо Ориф.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Эрон ва Озарбайжонга дон етказиб беришни қайта бошлагани ҳақида хабар берган эдик.