Қозоғистон Эрон билан товар айирбошлаш ҳажмини 3 млрд долларгача ошириши мумкин – Савдо вазири
ASTANA. Kazinform - Бу ҳақда Алматида ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиевнинг Эрон саноат, конлар ва савдо вазири ўринбосари, Савдони ривожлантириш ташкилоти раҳбари Мохаммад Али Деҳган Деҳнавий билан бўлиб ўтган учрашувида маълум қилинди.

ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масаласи муҳокама қилинган.
“Биз Эрон билан савдо айланмасини 3 миллиард долларгача ошириш имкониятини кўрмоқдамиз. Эрон бозорига 162 миллион долларлик дон, кунгабоқар ёғи, гўшт маҳсулотлари ва бошқа товарларни ўз ичига олган 60 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни етказиб беришга тайёрмиз”, — деди вазир Арман Шаққалиев.
Унинг айтишича, Қозоғистон икки давлат раҳбарлари эришган келишувларни фаол амалга оширмоқда. Эрон Қозоғистоннинг Яқин Шарқдаги асосий ҳамкорларидан биридир.
Икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлашда бўлажак савдо-иқтисодий миссия, шунингдек, 2025 йил февраль ойида Теҳронда ўтказилиши режалаштирилган бизнес-форум муҳим рол ўйнайди. Миссиянинг мақсади - мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар ва эронлик харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, Қозоғистоннинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришдан иборат. Бундан ташқари, икки давлат бизнеси учун янги имкониятлар очилиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
2024 йилнинг 11 ойи якунларига кўра, Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 296 миллион АҚШ долларини ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,1 фоизга кўпдир. Қозоғистондан Эронга экспорт ҳажми 29,1 фоизга ошиб, 100,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Қозоғистондан Эронга етказиб бериладиган асосий маҳсулотлар арпа, буғдой, колза, кунгабоқар ёғи, маккажўхори, шунингдек, қўй, эчки ва мол гўшти ҳисобланади.
Бунгача Қозоғистон ва Эрон ўртасида агросаноат товарлари айланмаси 25 фоизга ошгани ҳақида ёзган эдик.