Қозоғистон энергетика соҳасига сунъий интеллект жорий этилади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Ақкенженов Хитойда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» энергетика конференциясида мамлакатнинг энергетика соҳасидаги устувор йўналишларини тақдим этди. Кун тартибидан нефть ва газни чуқур қайта ишлаш, яшил энергетика ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари ўрин олди. Бу ҳақда ҚР Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Қазақстан энергетикасына жасанды интеллект енгізіледі
Фото: Энергетика министрлігі

Хитой Халқ Республикаси Давлат энергетика бошқармаси томонидан ташкил этилган ва Ван Хунчжи раҳбарлик қилган тадбирда Осиё, Европа, Африка ва Лотин Америкасининг 20 дан ортиқ мамлакати энергетика идоралари раҳбарлари иштирок этди. Улар орасида Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Мўғулистон, Чили ва Жанубий Африка Республикаси вакиллари ҳам бор. Шунингдек, конференцияда БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси вакиллари ҳамда йирик халқаро энергетика корпорациялари раҳбарлари қатнашди.

Конференция доирасида Ерлан Ақкенженов Қозоғистоннинг барқарор энергетика хавфсизлигининг янги архитектурасини шакллантириш, трансмиллий етказиб бериш йўналишларини ривожлантириш, мувозанатли энергетик ўтишни таъминлаш ва инфратузилмани модернизация қилиш борасидаги позициясини тақдим этди. Сессиялар давомида кам углеродли моделга ўтиш, энергетика тизимларининг ишончлилигини таъминлаш ва рақамли инновацияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қазақстан энергетикасына жасанды интеллект енгізіледі
Фото: Энергетика министрлігі

“Стратегик шериклигимизнинг алоҳида рамзий жиҳати шундаки, айнан Астана шаҳрида «Бир макон, бир йўл» ташаббуси илк бор эълон қилинган ва Евроосиё энергетика архитектурасининг мустаҳкам пойдевори яратилган. Бугунги кунда Қозоғистон қарийб 100 миллион тонна нефть ва 60 миллиард куб метрдан ортиқ газ қазиб олишни таъминлаб, қитъалараро қувурлар тизимининг ишончли фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда Евроосиёнинг асосий энергетика марказларидан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлаб бормоқда. Янги босқичда хомашёни чуқур қайта ишлаш, нефть-газ кимёси саноатини ривожлантириш, яшил энергия ишлаб чиқаришни мунтазам равишда ошириб бориш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга устувор аҳамият қаратамиз”, – деди Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов.

Ялпи мажлиснинг муҳим натижаларидан бири «Бир макон, бир йўл» энергетика ҳамкорлиги шериклиги (BREP) Бошқарув кенгашининг расман ташкил этилиши, шунингдек, «Сунъий интеллект + Энергетика» ишчи гуруҳи ва соҳавий таҳлил марказларининг ҳамкорлик тармоғини ишга тушириш бўлди.

Ҳамкорликнинг янги рақамли кун тартиби Қозоғистон ёқилғи-энергетика мажмуасига сунъий интеллект технологиялари, рақамли эгизаклар ва интеллектуал бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича белгиланган устувор вазифаларга мос келади.

Бундан ташқари, конференция иштирокчилари энергетика соҳасидаги технологик ютуқлар кўргазмасини томоша қилиб, барқарор яшил энергетикага ўтиш тажрибалари ва энергетика хавфсизлигини таъминлашга бағишланган таҳлилий маъруза билан танишдилар.

Хитойга амалга оширилаётган амалий ташрифи доирасида Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирининг Циндао шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Давлат энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи ҳамда жаҳоннинг йирик энергетика ва технология корпорациялари топ-менежерлари билан қатор икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.