Қозоғистон Бош вазири Шанхайда Хитойнинг етакчи компаниялари вакиллари билан учрашди
ASTANA. Kazinform - ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи доирасида ишбилармон доиралар вакиллари иштирокидаги Қозоғистон-Хитой сармоявий давра суҳбатида иштирок этди.
Шанхайда ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан музокаралар ўтказилади ва VII Хитой халқаро импорт кўргазмасида иштирок этиш режалаштирилган.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад - Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ўтган йилги тарихий рекорд бўлган 41 миллиард доллардан икки баравар ошириш бўйича келишувларни амалга оширишдан иборат.
Давра суҳбатида металлургия, энергетика, машинасозлик ва автомобилсозлик, кўмир кимёси, агросаноат комплекси, фармацевтика ва бошқа соҳалардаги етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Иқтисодиётнинг устувор йўналишларида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Учрашув иштирокчилари Қозоғистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик тобора ортиб бораётганини таъкидладилар. Бугунги кунда Қозоғистонда 5 мингга яқин қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Қозоғистон-Хитой қўшма лойиҳалари орасида Camc Engineering компанияси билан ҳамкорликда сода ишлаб чиқариш заводи, Tianjin Cement Industry Design and Research Institute билан «Састөбе» кимё мажмуаси, Yunnan Industrial Explosive Group билан портловчи моддалар ишлаб чиқариш заводи қуриш лойиҳаси бор. 90 минг дона қувватга эга тўлиқ миниагрегат йиғиш асосида CHANGAN, HAVAL, CHERY автомобилларини ишлаб чиқарадиган завод қурилиши ниҳоясига етмоқда. Шунингдек, Geely, Exeed, KAIYI енгил автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича 1000 та иш ўрни яратиб, 150 миллион долларлик инвестиция шартномаси тузилди. Лойиҳалар мамлакатда сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қодир технологик корхоналарни ташкил этиш имконини бермоқда. Бу кўрсаткичлар, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг фикрича, икки томонлама ҳамкорлик барқарорлиги ва самарадорлигини тасдиқлайди.