Қозоғистон Бокуда ўқ отиш бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади

BAKU. Kazinform - Бокуда ўқ отиш бўйича 53-жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради Кazinform мухбири ҚР Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Спорт ва жисмоний тарбия қўмитаси спортни ривожлантириш дирекцияси матбуот хизматига таяниб.
None
Фото: olympic.kz

Baku Crystal Hallда очилиш маросими иштирокчи давлатлар байроқлари паради билан бошланди. Сўнгра Озарбайжон маданиятига оид видеоролик намойиш этилди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан ISSF президенти Лучано Росси Боку бир қатор халқаро мусобақалар ўтказиладиган жойга айланганини таъкидлади.

«Париждаги Олимпиада ўйинларига бир йил қолди. Ушбу жаҳон чемпионати натижаларига кўра Париждаги ёзги Олимпия ўйинларига йўл оладиган спортчилар аниқланади», — деди у.

Кейинроқ спортчилар, мураббийлар ва ҳакамлар қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Шу билан очилиш маросимининг расмий қисми якунланиб, бадиий қисм бошланди.

Қозоғистон ўқ отиш жамоаси барча йўналишлар (милтиқ, тўппонча, ҳаракатланувчи нишон) бўйича энг кучли жамоа ҳисобланади. Спортчилар жамоани шакллантириш учун саралашнинг бир неча босқичларидан ўтдилар, асосий мезон ISSF жаҳон рейтинги ҳисобланади.

Қозоғистон терма жамоаси қуйидаги таркибда иштирок этади:

Тўппонча - Элдар Иманқулов, Валерий Рахимжан, Максим Мазепа, Никита Чирюкин, Руслан Юнусметов, Артемий Кабаков, Алексей Лотарев, Сауле Алимбек, Ольга Аксенова, Ирина Юнусметова, Валерия Попелова;

Милтиқ - Ислам Сатпаев, Юрий Юрков, Константин Малиновский, Илья Федин, Арина Алтухова, Елизавета Безрукова, Александра Ле, Анастасия Григорьева;

Ҳаракатланувчи нишон – Бахтиёр Ибраев, Андрей Худяков, Асадбек Назирқулев, Илья Зотеев, Фотима Ирназарова, Зухра Ирназарова, Александра Садуақасова;

Терма жамоа етакчиларидан бири Ислам Сатпаев тайёргарлик режа асосида ўтганини таъкидлади.

«Жаҳон чемпионати арафасида шу ерда, Габалада йиғин ўтказдик. Йил бошидан буён етарлича мусобақалар ўтказилди. Ўйлайманки, Индонезия ва Озарбайжонда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати босқичида ҳам яхши натижа кўрсата олдик. Хитойда ўтказилган Спартакиада ва ёзги Универсиадада қатнашдик. Бу мусобақалардан медалсиз қайтмадик. Бу ерда биз кўпроқ Олимпия лицензияларини қўлга киритмоқчимиз», — деди у Спортни ривожлантириш дирекцияси матбуот хизматига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрга қадар давом этадиган жаҳон чемпионатида 101 давлатдан 1239 нафар спортчи иштирок этади ва 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари учун 48 та лицензия ўйналади.

Муаллиф: Азамат Сиздиқбаев

Сўнгги хабарлар